Дунё океани сатҳи 25 йил ичида деярли 8 сантиметрга кўтарилгани аниқланди
Халқаро олимлар гуруҳи сунъий йўлдошдан олинган суратларни таҳлил қилиб, охирги 25 йил ичида дунё океани сатҳи 7,7 см га кўтарилгани ҳақидаги хулосага келди.
Таҳлил натижаларига кўра, дунё океани сатҳи ҳар йили ўртача 3,1 мм тезлик билан кўтарилмоқда. Шу билан бирга ушбу тезлик ҳар йили 0,1 ммга ортмоқда. Буни сайёрамизда ҳарорат исиб бораётгани яққол кўрсатади.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сувнинг иссиқдан кенгайиши бунда етакчи улушга эга – 42 фоиз. Денгиздаги, Гренландия ва Антарктидадаги музликларнинг эришига мос равишда 21, 15 ва 8 фоизлик улуш тўғри келади. Ҳозирча океанга дарёлар орқали сувнинг тушиши бунда қанчалик роль ўйнаши номаълум, чунки олимларнинг таъкидлашича, бу ерда бирор хулоса чиқариш учун мавҳумлик жуда катта.
Тадқиқот учун TOPEX/Poseidon миссияси, “Арго” океанографик лойиҳаси ва GRACE гравиметрик сунъий йўлдошидан олинган маълумотлар қўлланган.
Дунё океани сатҳи сайёрамиздаги иқлим ўзгаришининг энг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Қолган кўрсаткичлари океан ҳарорати ва у томондан иссиқликнинг ютилиши, иссиқҳона газлари миқдори, океан сувларининг кислоталилиги, музликлар ва денгиз музи ҳолати ҳисобланади.
Умуман олганда, гап минглаб километрлик ўлчамларга эга объект ҳақида кетганда 7 см бу жуда кичик қийматдир. Аммо сайёрамизда денгиз сатҳидан бор-йўғи бир неча сантиметр юқорироқда жойлашган қуруқликлар бор ва улар анчагинани ташкил қилади. Бунда биринчи навбатда Тинч океанидаги коралл атоллари ёдга тушади. Океан сатҳи янада ошадиган бўлса, бу атоллар буткул сув остида қолиши мумкин. Ҳозирда уларда одамлар яшайди ва улар учун бу муаммо жиддий аҳамият касб этади.
Мавзуга оид
21:30 / 23.11.2024
COP29: Бой давлатлар иқлимни молиялаштиришни оширишга рози бўлди
15:43 / 20.11.2024
ОТБ Ўзбекистоннинг иқлимга мослашиш ислоҳотлари учун 250 млн доллар ажратди
19:40 / 17.11.2024
Олимлар дунёдаги чучук сув захиралари нега камайганини тушунтирди
16:16 / 16.11.2024