Жамият | 07:56 / 03.09.2018
21508
4 дақиқада ўқилади

Президент ва ҳукумат аъзолари Суйима Ғаниева вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима Суйима Ғаниева вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Атоқли адабиётшунос олим, профессор, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева 86 ёшида вафот этди.

С.Ғаниева 1932 йилда Тошкент шаҳрида хизматчи оиласида туғилди. 1952 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлади.

1953-1956 йилларда Ленинград давлат университети аспирантурасида таълим олди.

Бўлғуси олима ўз меҳнат фаолиятини 1956 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти кичик илмий ходими сифатида бошлади. Шу йили буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ижодига бағишланган номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Кейинчалик Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти илмий котиби, Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори лавозимларида фаолият кўрсатди.

У ўзининг қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида ўзбек мумтоз адабиёти бўйича фундаментал тадқиқотлар олиб борди. Мустақиллик йилларида адабиётимиз ва маданиятимизни ривожлантириш, миллий адабиётимизнинг жаҳон маданий цивилизациясида тутган ўрнини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга катта ҳисса қўшди. 

С.Ғаниева ўз илмий фаолияти давомида яратган 14 та монография, 350 дан зиёд илмий-назарий мақолалар мамлакатимиз ва халқаро илмий нашрларда чоп қилинган, 20 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари республика олий таълим муассасалари ўқув жараёнига татбиқ этилган. 

Олима Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиб, ўзининг теран илмий тадқиқотлари билан навоийшунослик соҳасида ўзига хос илмий мактаб яратди. 

Унинг «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди», «Алишер Навоий ижодида миллий мафкура», «Навоий ғазалларида жўмардлик мотивлари», «Навоий васияти», «Навоий дастхати» каби сермазмун асарлари  юртимиз ва чет эл адабиётшунослари томонидан илмий кашфиётлар сифатида эътироф этилган. 

С.Ғаниева Алишер Навоийнинг узоқ йиллар давомида илм-фанга номаълум бўлиб келган “Муножот” асарини топиб, нашр эттирган. 

Олима 2011 йилда Алишер Навоийнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган. 

Ёрқин истеъдод, катта илмий салоҳият эгаси бўлган заҳматкаш олима ўз фаолияти давомида кўплаб ёшларга устозлик қилди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб докторлик ва номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинган.

С.Ғаниеванинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш ва баркамол авлод тарбияси йўлидаги улкан хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди.

У Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун» орденлари ва Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони билан мукофотланган эди.

Атоқли олима, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Суйима Ғаниеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Йўлдошев, Н.Каримов

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, навоийшунос олима Суйима Ғаниева 1 сентябрь куни 86 ёшида вафот этди.

Мавзуга оид