Жамият | 19:26 / 05.09.2018
21883
3 дақиқада ўқилади

Инҳа Университети ректори ўзи ўқиган мактабдаги биринчи қўнғироқда иштирок этди

Тошкент шаҳридаги Инҳа Университети (IUT) ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов 5 сентябрь куни ўзи тамомлаган пойтахтнинг Учтепа туманидаги 193-сонли мактабига ташриф буюриб, биринчи қўнғироқ тадбирида иштирок этди. Ўзбекистон ахборот коммуникация технологиялари матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди

"Қадрдон мактабим ва ўқитувчиларимга олган билимларим учун миннатдорчилик билдираман. Синф раҳбарим, айни дамда мактаб директори Нигора опа Ғофуровага алоҳида ташаккуримни изҳор этаман, уларнинг олдида таъзимдаман. Анъанага кўра, мактаб ҳовлисида барчани тўпловчи ушбу кунда сизларни янги ўқув йилининг бошланиши билан табрикламоқчиман. Интилишларингиз  аъло баҳолар билан тугасин, олган билим ва кўникмаларингиз эса, албатта, ҳаётингизда керак бўлади. Сўнгги биринчи қўнғироғига келган ўқувчиларга эса келгусида энг дадил ғояларини ҳаётга татбиқ қилишни, илк марта мактаб остонасига қадам қўяётган болакайларга эса сабр-тоқат ва ўқишга ташналикни тилаб қоламан. Ўқитувчиларингиз сиздан доим мамнун бўлишсин, сизлар эса уларни ўз муваффақиятларингиз билан қувонтириб юринг! Байрам муборак! Билимлар куни билан табриклайман!", - деди Музаффар Жалолов ўз нутқида. 

Фото: Ўзбекистон ахборот коммуникация технологиялари матбуот хизмати

Бундан аввал KUN.UZ'да Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Президент томонидан халқ таълими тизимини тубдан яхшилаш бўйича бошланган ташаббусни қўллаш мақсадида барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига 5 сентябрь куни ўзлари ўқиган мактабга бориб, янги ўқув йили бошланиши муносабати билан ўтказиладиган тадбирда иштирок этишларини сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, мактабдаги тадбирда ҳар бир раҳбар ўзининг ҳаётидан мисоллар келтириб, улар эришган муваффақиятларда мактабдаги таълим ва тарбиянинг роли катта бўлгани, қолаверса, ўқувчиларга мактаб даврида яхши ўқиб, вақтдан унумли фойдаланиш муҳимлиги ҳақида қисқача маъруза қилиб бериш таклифи берилганди.

Фото: Ўзбекистон ахборот коммуникация технологиялари матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон ахборот коммуникация технологиялари матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон ахборот коммуникация технологиялари матбуот хизмати

Мавзуга оид