Ўзбекистон | 07:30 / 06.09.2018
21110
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари белгиланди

Иллюстратив фото/ Sputnik

Ўзбекистон Республикаси президенти “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ҳужжат билан қуйидагилар халқ таълими тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш;

ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли ва масъулиятини кучайтириш, шунингдек, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур йўналишдаги вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш;

раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш йўли билан халқ таълими тизимида кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш;

халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шаффоф ва самарали жамоатчилик назоратига эришиш, шу жумладан, барча муассасаларнинг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш, барча фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар манбасини яратиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг электрон рейтинг тизимини жорий этиш;

халқ таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш;

зарур ташкилий-ҳуқуқий ва техник-иқтисодий шароитларни яратиш йўли билан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат хизматларни кўрсатишга оид фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар тармоғини янада ривожлантириш, ушбу соҳага давлат-хусусий шерикликнинг турли шаклларини самарали жорий этиш;

халқ таълими тизимига илғор хорижий тажрибани, ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик технологияларни, шу жумладан, таълим беришнинг инновацион усулларини жорий этиш, ўқув ва ўқув-услубий адабиётларнинг янги авлодини яратиш, фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Мавзуга оид