Жаҳон | 14:23 / 07.09.2018
6275
4 дақиқада ўқилади

Чиқиндилар бўйича тарифлар ҳудудларда турли хил экани маълум қилинди

Фото: parliament.gov.uz

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида таркиб топган янги анъанага мувофиқ «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига асосан «Ҳукумат соати» ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш юзасидан олиб борган ишлари ҳамда жойларда аҳоли томонидан кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, қуйи палатадаги депутатлар бирлашмалари таклифларига кўра, «Ҳукумат соати»да кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг жойлардаги ижроси ҳақида»ги масала киритилди.

Мазкур масала юзасидан депутатлар саволларига атрофлича жавоб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг мутасадди раҳбарлари таклиф этилди.

“Ҳукумат соати”да таъкидланганидек, давлат раҳбарининг мазкур қарори ижроси доирасида қўмитанинг ҳудудий органлари ҳузурида 13 та “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва уларнинг 172 та туман (шаҳар) филиаллари ташкил этилди.

Туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармалари тасарруфида бўлган 1 403 та махсус техника, 1 102 та чиқинди йиғиш майдончаси, 6 131 та чиқинди контейнери ва 160 та полигон “Тоза ҳудуд” корхоналари балансига ўтказиб берилди. Натижада республика бўйича 5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. 2018 йил якунига қадар яна қўшимча 608 та иш ўрни ташкил қилинади.

Депутатлар таъкидлаб ўтганидек, ана шу ишлар баробарида ўз ечимини кутаётган камчилик ва муаммоли масалалар ҳам мавжуд. Уларни бартараф этиш борасида мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори муҳим қадам бўлди.

Мазкур ҳужжат билан 2019-2021 йилларда “Тоза ҳудуд” ДУКларнинг моддий–техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган бир қатор манзилли дастурлар тасдиқланди. Уларга мувофиқ, 3 623 дона маиший чиқинди контейнери ва 732 дона махсус техника харид қилиш, шунингдек, чиқинди йиғишга мўлжалланган 644 та янги намунавий майдончани қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун мўлжалланган 143 та полигонни тартибга келтириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси мамлакатимиз Президенти қарорининг ижроси юзасидан берган ахборотидан сўнг депутатларнинг қатор бошқа саволларига жавоблар қайтарди.

Хусусан, депутатлар бугунги кунда «Тоза ҳудуд» ДУК туман (шаҳар) филиалида зарур техникалар етишмаётгани, қўшимча равишда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқувчи, чиқинди юклаш ва текислаш техникаларига эҳтиёж мавжудлиги, шартномалар ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш графиклари, махсус автотранспорт воситаларининг бир тумандан иккинчисига чиқиндиларни ташиш учун сафарбар қилиниши, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан етарли даражада таъминлангани билан қизиқдилар.

Жойлардаги ўрганишлар чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилаётган хизматлар учун тарифлар ҳар туманда ҳар хил эканини кўрсатаётгани қайд этилди. Депутатлар ушбу тарифларни белгилаш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш масаласига ҳам эътибор қаратдилар.

Тадбир якунида Қонунчилик палатаси қўмиталарига мазкур соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш тавсия этилди. Шу билан бирга, мазкур йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.

Мавзуга оид