Фан-техника | 14:12 / 07.09.2018
10490
2 дақиқада ўқилади

iPhone X учун қон босимини ўлчовчи дастур ишлаб чиқилди

АҚШнинг Мичиган штати университети олимлари iPhone X смартфони учун бармоқни қурилма экранига қўйиб қон босимини ўлчашга имкон берувчи дастур ишлаб чиқишди. Бу ҳақдаги мақола Scientific Reports нашрида чоп этилди.

N+1 нашрининг маълум қилишича, ушбу дастур бу турдаги биринчиси эмас. Мавжуд дастурлар камера ёрдамида қон босимини ўлчашнинг фотоплетизмографик усулидан фойдаланади. Бироқ уларнинг аниқлиги одатий тонометрларга нисбатан анча пастроқдир.

Америкалик олимлар ўлчашларнинг аниқлигини нафақат камера, балки Apple’нинг охирги авлоддаги смартфонларига дисплейга босиш кучини аниқлашга имкон берувчи 3D Touch тизимини қўллаш ҳисобига яхшилашга қарор қилишган. Натижада улар ўлчашларнинг аниқроқ бўлишига эришишган.

Ушбу жараённинг видеоролигига берилган изоҳда дастурни қўллаш олдидан смартфон эгаси экранда чизиқларни кўрсатчик бармоғи учида жойлашадиган қилиб силжитиб калибровкалашни амалга ошириш зарурлиги айтилган. Бу жараён дастурга бармоқнинг экранга тегиш соҳасини ҳисоблаб чиқишга ҳамда экранда бармоқни қўйиш жойини бармоқ артериясининг перпендикуляр қисми смартфон камераси юқорисида жойлашадиган қилиб акслантириш имконини беради.

Калибровкалаш якунлангач фойдаланувчи қон босимини ўлчашга киришиши мумкин. Бунинг учун смартфонни юрак билан бир текисликда горизонтал ушлаб, экраннинг ажратилган соҳасига бармоқ билан босиш керак ва босимни экранда акс этаётган шкалага мос ҳолда ошириб бориш лозим. Дастур ўлчашлардан кейин камера томонидан олинган бармоқ ҳажми тебранишлари ва бармоқ босими маълумотларини бирлаштириб, экранга қон босимининг ўлчамларини ҳамда юрак қисқариши частотасини чиқариб беради.

Олимларнинг таъкидлашича, дастурнинг аниқлиги АҚШда маъқулланган, бармоққа маҳкамланувчи тонометрларникига яқиндир. Олимларнинг айтишича, аниқликдаги хатолик систолик ва диастолик босимлар учун мос ҳолда 11,4 ва 9,7 мм симоб устунини ташкил қилган.

Мавзуга оид