Ўзбекистон | 20:30 / 13.09.2018
94748
2 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов «Ўзбекнефтгаз» раҳбарлигидан кетди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Алишер Султонов лавозимни тарк этган. Бу маълумотни компаниядаги манбалар «Kun.uz»га тасдиқлашди.

Алишер Султонов / Халқаро пресс-клуб

1999 йилдан «Ўзбекнефтегаз» тизимида ишлай бошлаган Алишер Султонов 2015 йилнинг августида компания раисига айланганди.

Эндиликда, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов Султонов ўрнига «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси лавозимини эгаллаган.

Ашрафхонов 2016 йилнинг февралидан буён Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Баҳром Ашрафхонов / Sputnik

Баҳром Баҳодирович Ашрафхонов 1969 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 1993 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1993-1994 йилларда Кентукки университетида таҳсил олган, 1994 йилдан 2000 йилгача UzAIG суғурта компаниясида, кейинроқ Молия вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, жумладан, 2005-2007 йилларда Молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 2007 йилдан 2016 йилгача, Акмал Камалов ўрнига Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида тайинлангунига қадар Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатганди.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Султонов шу йилнинг 20 августида автофалокатга учраб, шифохонага ётқизилганди.

Аввалига унинг аҳволи яхши экани ва тез орада ишга қайтиши ҳақида айтилди, кейинроқ унинг жароҳати жиддийлиги, чап сон суяги чиққани, чаноқ косачасида ёпиқ синиш, кўкрак қафасининг 7-10 қовурғалари ёпиқ сингани, бош тепа соҳаси лат егани маълум бўлди.

Алишер Султонов Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари - геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари ҳам ҳисобланади. Айни вақтда у бу лавозимни сақлаб қолгани айтилмоқда.

Мавзуга оид