Ўзбекистон | 10:15 / 14.09.2018
36713
3 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари баъзи ходимларининг фарзандлари ОТМга кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши мумкин

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан белгиланишича, ички ишлар органларида офицер, сержант ва сафдорлар таркибида хизмат қилиб, ўз хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида вафот этган ёки ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари 2019–2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тавсияномаси асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан республика олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи ва ундан кейинги олий таълим ҳамда магистратурадан ташқари) умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг тўлов-шартнома асосида республика олий таълим муассасаларининг бакалавриатида ўқиётган фарзандлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартномаларни тўлашга рухсат этилиши мумкин.

Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида вафот этган ёки ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларини Ўзбекистон Республикаси олий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилишни ташкил этиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда:

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизматни ўташ давомида олган ярадорлиги, контузияси, касаллиги ва жароҳатланганлиги оқибатида вафот этган ёки ногирон бўлиб қолган ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига республика олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсияномалар бериш тартибини;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг тўлов-шартнома асосида республика олий таълим муассасаларининг бакалавриатида ўқиётган фарзандлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартномаларни тўлаш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Мавзуга оид