Бухородаги автобус ҳалокати юзасидан жиноий иш очилди
Бухоро вилоятининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро—Қоровулбозор магистрал йўлида йўловчи автобуснинг газ баллони портлаши юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
18 сентябрь куни соат 08:30 ларда фуқаро Вали Қобилов бошқарувидаги «Вобкент Гулшани» МЧЖга қарашли давлат рақами 80 Й 120 КА бўлган Isuzu русумли автобус Когон туманидаги Zelich oil метан газ қуйиш шохобчасидан ёқилғи қуйиб, тахминан 700 метр йўл босганидан сўнг, А-380 автомобиль йўли «Когон—Қоровулбозор» йўналишининг 201-километрида ҳаракатланиб кетаётганида автоуловнинг газ баллони портлаган.
Оқибатда автобусдаги 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган. 21 нафар йўловчининг 5 нафари оғир, 7 нафари ўрта оғир ҳамда 9 нафари енгил аҳволда. 5 нафар аҳволи оғир бемор Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, қолганлари эса Когон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам марказига ётқизилиб, уларга шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳодиса жойига вилоят ҳокими Ўктам Барноев, вилоят прокурори Б.Валиев, вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Алиев, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ф.Омонов, Республика ДХХ Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Асроров, вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғи А.Аҳмедов, ЁХБ бошлиғи Ш.Хушназаров, вилоят ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчилари, вилоят ИИБ ЭКБ бошлиғи Л.Пўлатов раҳбарлигидаги экспертлар, суд-тиббий эксперти, Республика ИИВ ЁХББ масъул ходимлари, Когон шаҳри, Когон, Вобкент ва Бухоро туман ҳокимлари, прокурорлари, ИИБ бошлиқлари, ушбу туман ва шаҳар ИИБлари ҳамда Бухоро вилоят ИИБ тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб келди.
Ҳодиса рўй берган жой видеокамера ҳамда бошқа илмий-техник воситалар қўлланилган ҳолда «Саноатгеоконтехназорат» Бухоро минтақавий инспекцияси мутахассислари иштирокида кўздан кечирилди ва унинг схемаси тузилди, текшириш учун аҳамиятга молик бўлган ашёлар олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ тергов бошқармаси зиммасига юклатилди ва вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.
Дастлабки тергов давомида судга оид тиббиёт, автотехника ва ёнғин техника экспертизалари тайинланди.
Шунингдек, «Zelich oil» метан газ қуйиш шохобчасида автомобилларга ёқилғи қуйиш нормаларига риоя қилиниши аҳволини ўрганишга мутахассислар жалб қилиниб, тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Аниқланишича, Қоровулбозор туманидаги «Раҳмон Аҳмад» фермер хўжалиги раҳбари Р.Аҳмедов ва Вобкент тумани Хайрободча қишлоғида яшовчи Г.Розиқова қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш учун ташкил қилинган 25 нафар фуқародан иборат мавсумий мадад гуруҳини Вобкент туманидан Қоровулбозор туманига олиб бораётган пайтда ушбу ҳодиса содир бўлган.
Ўзбекистон Президенти топшириғига биноан вафот этганлар оиласига 10 миллион сўмдан, оғир тан жароҳати олганларга 5 миллион сўмдан ва бошқа жароҳатланганларга 2 миллион сўмдан моддий ёрдам пули ажратилди.
Марҳумларнинг жаноза маросимлари учун барча харажатлар Вобкент туман ҳокимлиги томонидан тўланади.