Жаҳон | 20:58 / 19.09.2018
38921
3 дақиқада ўқилади

Октябрдан интернет ишламай қолиши ҳақидаги гап-сўзлар қанчалик тўғри?

Фото: Юрий Смитюк/ТАСС

ICANN корпорацияси интернет домен номларини ҳимоя қиладиган криптографик калитларни алмаштиришга тайёрланмоқда. Бу нима дегани ва унинг оддий фойдаланувчиларга таъсири борми?

Нима бўлади? 

Критопграфик калитларни янгилаш 2018 йилнинг 11 октябрига белгиланган.

Бу ишни домен номлари ва IP-манзилларни бошқарувчи Американинг ICANN корпорацияси амалга оширади. Компания агарда провайдерлар янгиланишларга олдиндан тайёргарлик кўрмаса интернет тезлигининг пасайиши ва сайтларга кириш имконияти йўқолиши ҳақида огоҳлантирган. Шу сабабли ҳозирда бутун дунёдаги фойдаланувчилар интернет узилишлар билан ишлашидан ташвишланмоқда.  

Криптографик калитлар нима?

Бу интернет домен номларини (DNS) ҳимоя қилиш тизими.

“Ҳар сафар бирор сайтни очганимизда интернет-провайдеримиз бутунжаҳон DNS маълумотлар базасига мурожаат қилади. Уни улкан телефон китобига қиёслаш мумкин. Провайдер ўша ердан манзилни олади ва бизга узатади. Ҳаммаси автоматик равишда ва фойдаланувчига сезилмайдиган тезликда бўлади, — дейди Россия интернет тармоғи миллий домен координацион маркази Михаил Анисимов. — Провайдер биз учун оладиган жавоблар криптографик калитлар билан имзоланган: улар иккита бўлиб, пароль вазифасини бажаради. Бу калитлар DNS тизими ишончлилиги ва бутунлигини таъминлайди".

Калитлар нима учун алмаштирилади? 

Оддий фойдаланувчиларга хавфсизлик мақсадларида ўз почталари, ижтимоий тармоқлардаги паролларни вақти-вақти билан алмаштириб туриш тавсия этилгани каби DNS тизимида ҳам хавфсизликни таъминлаш мақсадида калитлар алмаштириб турилади.  

Калитлар қанча вақтда алмаштирилади? 

Криптографик калитлар DNS тизимини ҳимоя қилувчи восита сифатида 2010 йилда пайдо бўлган. Режа бўйича калитлар ҳар беш йилда алмаштирилиши керак. ICANN 2016 йилда калитлар алмаштирилишини эълон қилган, аммо провайдерларнинг тайёргарлиги суст бўлгани сабабли бу муддатни бир неча бор ортга сурганди. Корпорациядагиларнинг ҳисоблашларича, ҳозирда ўзгартириш вақти етиб келди.

Интернетда узилишлар бўладими?  

"Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича, интернет кам миқдордаги фойдаланувчиларда – бутун дунё бўйича 0,04%дан кўп бўлмаган фойдаланувчиларда ишламай қолиши мумкин", — дейди Михаил Анисимов.

ICANN техник директори Давид Конраднинг сўзларига кўра, дунёнинг қаеридадир калитлар алмашишига тайёр бўлмаган бир нечта оператор бўлиши мумкин, аммо улар керакли техник параметрларни созлаш орқали муаммони ҳал қилишлари мумкин. Шунда уларнинг фойдаланувчиларида DNS билан алоқа тикланади.

Мавзуга оид