Иқтисодиёт | 09:44 / 20.09.2018
22298
7 дақиқада ўқилади

Маҳсулотни четга экспорт қилиш бўйича сабоқлар: Товар етказиб беришнинг энг қулай усулини аниқлаш

KUN.UZ таҳририяти юртимиздаги ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулот ва хизматларни хорижий давлатларга экспорт қилаётган корхоналар ва тадбиркорларга ёрдам бериш мақсадида янги иқтисодий лойиҳага асос солганидан хабарингиз бор.

Экспорт бўйича мутахассис, иқтисод фанлари номзоди «Alimkhan Exim Group» ташқи савдо ва консалтинг компанияси асосчиси Акмалхон Олимхонов билан биргаликда маҳсулотлар экспортига бағишланган махсус видео лавҳаларимиз бериб борилмоқда.

Олдинги сабоқлар:

Иқтисодий сабоқларнинг навбатдагисида логистика мавзусини ўрганиб чиқамиз.

Логистика — экспортнинг муҳим бир қисми. Чунки транспорт харажатлари маҳсулотнинг шартнома нархига сезиларли даражада таъсир қилади. Ҳатто маҳсулотингиз юқори сифати бўлганида ҳам унинг нархи транспорт харажатларини инобатга олган ҳолда, рақобатдош бўла олмаслиги мумкин. Бу ҳолатни экспортер юртдошларимиз инобатга олишлари даркор, чунки уларнинг ҳамкорлари (агар Европа, Осиё, Осиё-Тинч Океан минтақаси бўлса) Ўзбекистон чегарасидан бир неча минг км узоқликда жойлашган.

Транспорт харажатларини минимал даражага олиб келиш учун кўп нарсани ҳисобга олишингиз керак. Агар шартнома бўйича юкни етказиш вазифасини олган бўлсангиз транспорт-логистика компаниялари билан яхши ҳамкорлик муносабатини ўрнатишингиз лозим. Улар билан экспорт логистика деталларини маслаҳатлашингиз керак. Шу билан бирга сиз экспорт юкини транспортировкаси бўйича унинг нархи, етказиш вақти ва бошқа омилларнинг бир неча вариантларини аниқлаш ва мухокама қилишингиз керак.

Транспорт хизматлари ва экспедиторни танлаш

Транспорт-экспедиторлик ташкилотларининг асосий мақсади юкни ташиш пайтида юк юборувчи ва юк қабул қилувчилар талабини сифатли ва ўз вақтида ижро этишдир.

Экспедитор — юк юборувчи, юк ташувчи ва юк қабул қилувчи ўртасида боғловчи восита ҳисобланади. Сотувчи ёки харидорнинг топшириғига биноан қуйидаги хизматларни амалга оширади:

  • юк ташишнинг эффектив маршрутини танлаш;
  • муносиб транспорт турини танлаш;
  • юк ташувчилар билан туташувни келишиб олиш;
  • транспорт воситаларининг тўхтаб қолмаслик чораларини кўриш;
  • турли тўлов ва йиғувларни амалга ошириш.

Юқорида айтилган хизматлардан ташқари экспедитор қуйидагиларни бажаради:

Товарни етказиш учун ўзингизга экспедитор танлаб олинг. Уларнинг тўлиқ рўйхати бизнинг «Экспорт Узбекистан» (@export.uz) Телеграм каналимизда келтирилган. Уларга ўз маҳсулотингиз вазни, габарити, чиқиб кетиш ва кириб келиш пунктларини юзасидан ахборот беринг. Улардан транспорт харажатларини сўранг. Олинган ахборотни таҳлил қилинг ва бошқа транспорт компаниялари билан таққосланг. Компаниялар тўғрисидаги фикрларни билишга ҳаракат қилинг. Уларнинг бу соҳадаги иш тажрибасига алоҳида эътибор беринг. Қилинган ишлар натижасида кўпроқ имтиёзга эга бўлган экспедиторни танланг.

Маршрут ва транспорт турлари

Юк ташиш маршрутини танлаш — бу энг муҳим ва масъул босқичи ҳисобланади. Қулай маршрут ва керакли транспорт хилини тўғри танлаш юк ташиш нархи, ишончлилиги ва муддатига ишончли натижа беради.

Қулай маршрутни танлаш юкнинг хусусияти, унинг ўлчами ва белгиланган йўналишга боғлиқ. Экспедитор йўл маршрутини белгилашда қуйидаги параметрларга эътибор бериши керак: транспорт воситаларининг техник характеристикаси, юкнинг хусусияти, алоҳида ташиш шароитлари, хамма маршрут босқичларини назорат қиладиган ташкилотларни жамлаш ва ҳ.к.

Мисол учун: шиша идишларни қишда, мева-сабзавотларни ёзда, очиқ турдаги яримвагонларга юклаш ёмғир мавсумида ва ҳ.к.

Халқаро юк ташиш тизимидаги транспорт воситалари қуйидагилар:

Темир йўл транспорти. Жуда кўп имтиёзларга, яъни катта ҳажмдаги юк кўтариш қобилияти, ишончлилик ва нисбатан катта тезликка эга. Ҳозирги пайтда темир йўл орқали хилма-хил юклар, асосан, оммавий, яъни хом ашё ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ташилмоқда. Контейнерларнинг оммалаштирилиши темир йўл рақобатини янада кучайтирди.

Юк ташиш вақти унинг жўнаш ва етиб келган станциялари оралиғидаги масофа орқали белгиланади. Юк етиб борган заҳоти темир йўл харидорга хабар беради ва у қабул қилиб олиши керак. Вагонда юк ташишнинг афзалликлари шундан иборатки, автотранспортга қараганда кўпроқ юкни жойлаштиради. Нормаси: вагоннинг кубатурасига қараб 60–68 тонна. Темир йўлда юк ташиш маршрути чекланган бўлиб, юк келган заҳоти бошқа автотранспортга юкланади.

Автомобиль транспорти. Транспортнинг энг оммалашган тури. Унинг имтиёзлари: маневрга эга эканлиги, мослашувчанлиги, тезлиги. Юк ташишда ташқи савдо компанияларини қониқтирадиган транспорт — бу автомобиль транспорти туридир. Автомобиль транспорти орқали юк ташилганда ҳисоб учун қуйидаги факторлар инобатга олинади: юклаш вақти, йўл вақти (ҳайдовчининг дам олиш вақти ҳам назарга олинади), халқаро чегаралардан ўтиш вақти, географик маршрут. Бошқа транспорт турларига қараганда юкни автомобиль транспортида эшикдан эшиккача етказиш мумкин.

Ҳаво транспорти. Энг тез ва шу билан бирга энг қиммат транспорт тури ҳисобланади. Ҳаво транспорти маршрутнинг узоқлигига қараб автомобиль ва темир йўл транспорти билан бемалол рақобатга эга турдир. Ҳаво транспорти орқали тез айнайдиган маҳсулотлар ва жуда қиммат буюмлар ва почта ташилади.

Денгиз транспорти. Жуда қадимий транспорт тури. Ўзининг имтиёзига қараб жуда арзон ва дунё юк айланмасининг 60–70 фоизини ташкил этади. Катта тезликка эҳтиёж бўлмаган юклар денгиз транспорти орқали ташилади. Денгиз ва океанлардаги юк ташишда сув транспортига рақобат умуман йўқ.

Ташқи иқтисодий алоқаларда транспорт турини танлаш иқтисодий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Масалан денгизга чиқиш ёки чиқмасликда ушбу мамлакат компаниялари томонидан транспорт турини танлаш узига хос таъсирга эга. Ўзбекистоннинг географик жойлашувини назарга оладиган бўлсак бу ерда денгиз транспорти фаолиятини қатъий белгилайдиган миллий ҳужжатлар йўқдир. Бизнинг экспортерларимиз денгиз транспортидан фақат мультимодал юк ташувида фойдаланишади.

Ҳар бир транспорт ўлчами ва сиғими ҳақидаги маълумот қуйидаги Телеграм каналимизда берилган. Уларнинг ёрдамида сизнинг махсулотингиз битаа вагонга ёки контейнерга ёки юк машинасига қанча сиғишини билиб олишингиз мумкин.

Мавзуга оид