Ўзбекистон | 17:08 / 25.09.2018
11214
6 дақиқада ўқилади

Судьяларга пенсияга доир имтиёзлар бериш таклиф этилди

Фото: Fotolia

Олий суд Судьяларни пенсия билан таъминлаш шартлари, нормалари ва тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқди. Лойиҳа қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида муҳокама қилинмоқда.
 
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида айтилишича, судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлашнинг бошқа шартлари, нормалари ва тартиби назарда тутилиши мумкин. Амалда янада имтиёзли қоидаларни қўллашга рухсат берилади. Бу уларни умумий тартибда пенсия таъминотига бўлган ҳуқуқдан маҳрум этмайди, албатта, деб ёзади Norma.
 
Олий суд ишлаб чиққан лойиҳанинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.
 
Пенсияга чиқиш учун ёш ва стаж
 
Таклиф этилаётган Низомга мувофиқ судьялар қуйидаги пенсияларни олишга ҳақли бўладилар:
 
а) ёшга доир – судья сифатида камида 15 йиллик иш стажига эга бўлганда эркаклар 60 ёшга ва аёллар 55 ёшга тўлганда (оддий тартибда эркакларга 25 йил, аёлларга эса 20 йил стаж талаб этилади – таҳр.);
 
б) ногиронлик – судья сифатидаги иш стажидан қатъи назар меҳнатда майибланиш оқибатида I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар (оддий тартибда ҳам стаж аҳамиятга эга эмас – таҳр.);
 
в) умумий касаллик туфайли ногиронлик – ногиронлик бошланган пайтга қадар судья сифатида қуйидаги иш стажига эга I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар:

г) боқувчисини йўқотганлик – вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари. Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:
 
• болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;
• ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар пенсия ёшига тўлган (эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда; аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда) ёки ногирон бўлсалар;
• ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;
• бува ва буви – агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.
 
Шуни қайд этиб ўтамизки, қуйидаги ҳолларда судья лавозимидан бошқа ишга ўтказилган шахсларнинг ҳам ёши ва иш стажи юқорида кўрсатилган тартибдагидек қўшиб ҳисобланади:
 
• Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан;
• судья Қонунчилик палатаси депутати ёки Олий Мажлис Сенати аъзоси этиб сайланганда (тайинланганда);
• Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзоси сифатида тайинланганда.
 
Судья сифатида пенсия тайинлаш ҳуқуқини берувчи иш стажига иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш даврлари қўшиб ҳисобланмайди.
 
Пенсияни ҳисоблаш қоидалари
 
Пенсия миқдори ҳар бир аниқ ҳолатда унинг таянч миқдори ва устама ҳақлардан келиб чиқиб ҳисобланади. Ҳисоблаш қоидалари жадвалда кўрсатилган:

Лойиҳада таклиф этилган пенсияларга устама ҳақларни тайинлаш тартиби умумбелгиланган тартибдан жиддий фарқ қилмайди.
 
Судьяларга пенсия тайинлаш ва тўлаш учун ким масъул?
 
Низомга мувофиқ қуйидагилар пенсия тайинлаш билан шуғулланади:
 
• Конституциявий суд – Конституциявий суднинг судьяси бўлиб ишлаган шахсларга;
• Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти – Олий суд судьяси, шунингдек 2017 йил 1 июнгача Олий хўжалик суди судьяси, доимий асосда фаолият юритувчи Судьялар олий кенгаши аъзолари, шунингдек судларда (2017 йил 1 июнгача умумий юрисдикция ва хўжалик судларида) ишлаган судьяларга.
 
Кейинги фаолият туридан қатъи назар, 15 йил судья сифатида ишлаган, умумий асосларда пенсия тайинланган шахсларга Низомга мувофиқ пенсияни қайта ҳисоблаш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда. Бунда охирги судьялик лавозимидан келиб чиқиб ва Низом кучга кирган кундаги судьянинг тегишли лавозими бўйича иш ҳақини ҳисобга олиб, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилади.
 
Пенсия тайинлаш учун комиссиялар тузилади. Комиссия пенсия тайинлаш тўғрисида ариза бошқа зарур ҳужжатлар билан бирга келиб тушганидан эътиборан 10 кун муддатда тегишли қарор (пенсия тайинлаш, пенсия тайинлашни рад этиш, тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини текшириш ҳақида ва б.) қабул қилади.
 
Ушбу Низомга ва Қонунга мувофиқ бир вақтнинг ўзида пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга унинг танловига кўра пенсиянинг битта тури тайинланади.
 
Пенсионерга судьянинг пенсия гувоҳномаси берилади, у расмий ҳужжат ҳисобланади.
 
Ҳужжат лойиҳасида қуйидагилар ҳам қайд этилган:

• пенсияларни тайинлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
• пенсияларни тайинлаш учун иш стажини ҳисоблаб чиқариш ва тасдиқлаш тартиби;
• пенсияларни тайинлаш тартиби;
• пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш тартиби;
• пенсияларни қайта ҳисоблаш тартиби;
• пенсияларни тўлаш тартиби;
• пенсиялар ҳисобини юритиш ва сақлаш тартиби.
 
Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.

Мавзуга оид