Спорт | 09:50 / 26.09.2018
23859
2 дақиқада ўқилади

Ғофур Раҳимов AIBA президенти лавозимига номзод бўлди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов ва ташкилотнинг вице-президенти Серик Қўнақбаев AIBA президентлиги лавозимига номзод этиб кўрсатилди. Бу ҳақда Россия Бокс федерацияси бош котиби Умар Кремлов ТАСС’га хабар берди.

AIBA президенти лавозимига номзодлар илгари суриш 23 сентябрь куни ниҳоясига етди. Ташкилот раҳбари сайлови ўтказиладиган AIBA конгресси 2-3 ноябрь кунлари Москвада бўлиб ўтади.

«Ғофур Раҳимов ва Серик Қўнақбаевлар номзоди илгари сурилди», - деди Кремлев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ AIBA раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ғофур Раҳимов ва Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ўртасида зиддият келиб чиққанди. 

ХОҚ Америка санкциялари остида бўлган ўзбекистонлик амалдорга номзодини бекор қилишни тавсия қилди, акс ҳолда Олимпия дастуридан бокс чиқариб юборилиши мумкинлиги билдирилди. Лекин Ғофур Раҳимов босимга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида маълум қилди. 

Россия бокс федерацияси Ғофур Раҳимовни қўллаб-қувватлади, ташкилот бош котиби Умар Кремлев эса «бундай президент билан боксда шубҳасиз келажак борлиги» ҳақида айтиб ўтди.

Мавзуга оид