Жаҳон | 18:11 / 27.09.2018
13305
2 дақиқада ўқилади

Даниялик биолог баҳайбат тимсоҳ билан хавфли трюк қилди (видео)

Фото: Видеодан кадр

Даниялик 22 яшар биолог Нильс Женсен ва унинг дўсти Австралиядаги ёввоий табиат бағрида қурилган хиёбонга саёҳат қилишди. Ва у ерда баҳайбат тимсоҳ билан ҳаёт учун ўта хавфли трюк қилишди, деб хабар бермоқда The Sun.

Сайёҳ 4,7 метр келадиган тимсоҳни валлаби (кенгурулар оиласига кирувчи унча катта бўлмаган жонзот) гўшти билан сийлади. Йиртқич гўштни паққос тушираётган вақт, Нильс унинг елкасига ўтириб олди.

Биологнинг айтишича, бу жуда қизиқарли, шу билан бирга, жуда хавфли ҳам бўлган.

“Мен ўзим учун янги бўлган турлар билан танишини яхши кўраман. Менга тимсоҳ ёнига яқинлашиш имконияти пайдо бўлса, бу ишни амалга оширишга мажбурман. Кўпчилик мени телба ҳам деб атайди”, — деди у.

Биолог ёввоий табиат бағрида тушган сурат ва видеоларини тез-тез ижтимоий тармоқларда эълон қилиб туради. Уни ҳатто “даниялик Тимсоҳ Данди” деб ҳам аташади.

Австралия ҳукумати сайёҳнинг бу ишини қоралади. “Видеода кўрсатилган хатти-ҳаракат хавфли ва шафқатсиз. Биз тимсоҳларга нисбатан бундай муносабатни оқламаймиз”, — деди мамлакат ёввоий табиатни муҳофаза қилиш бўлими директори вазифасини вақтинча бажарувчи Трейси Дулдиг.

Мавзуга оид