Жамият | 19:23 / 28.09.2018
33910
3 дақиқада ўқилади

Тотализатор ўйнаб бири қотилга айланди, иккинчиси аёлидан айрилди

Фото: E-play

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Ғ.Кулибоев ҳали ўттизга ҳам кирмаган. Доимий иш жойига эга эмас, тирикчилик учун турли жойларда ишлаб юрган йигит қийинчилик билан топган пулларини тотализаторда ўйнаб келган, деб ёзмоқда ЎзА

У 2014 йилнинг охирларидан буён пойтахтнинг Чилонзор туманидаги “Махсустранс” корхонасига қарашли юк автомашиналарини ювиш шохобчасида норасмий равишда ишлаб юрган. Таниши Е.Радченко унинг мазкур ўйинда қатнашиши учун нақд пулларини олиб, уни электронлаштиришга кўмаклашиб келган. У ишдан бўш вақтларида интернет кафеларда “Web money” сайти орқали спорт мусобақаларига пул тикиб тотализатор ўйнаган. Ўз топган пулларини беҳудага совуриб ҳам кўнгли хотиржам бўлмаган Кулибоев таниш-билишлардан ҳам қарз олиб ушбу ўйинда қатнашган. 

2018 йилнинг апрель-май ойларида иш фаолияти давомида топган 2 миллион 300 мингдан ортиқ пулини ва таниши Б.Тошпўлатовдан олган 200 АҚШ долларини ҳам электрон ҳисобига ўтказиб, ўйин ўйнаган ва ютқазган. 

Танишлари пулни сўрайвергач, йигит ўзи истаб-истамай қотилга айланди. 

...2018 йил 7 июнь. Ғ.Кулибоев таниши Е.Радченкога қўнғироқ қилиб, электрон ҳисобига пул тушириш нияти борлигини айтиб, уни кўчага чиқишга кўндиради. 

У бу хонадонда ҳамиша нақд пуллар бўлишини, қаерда сақланишини яхши билган. Шериги уйдан чиққанини кўрган йигит ўз режасини амалга ошириш учун унинг хонадонига киради. Ошхона пичоғи билан хонадон бекаси Л.Радченконинг 18 жойига жароҳат етказади. Пулларни олиб уйдан чиқиб кетади. 

Ўғирланган пуллар эвазига қарзини тўлагач, яна ҳеч нарса билмагандек юраверади. Аммо тезкор суриштирув натижасида унинг сири фош бўлди. Ўз айбини тан олган фуқарога суд ҳукми ўқилди. 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и” банди, 164-моддаси 3-қисми “в, г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 18 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 

Эндигина 28 ёшни қаршилаган Ғ.Кулибоев 18 йилни оиласи, фарзандидан олисда ўтказади. Бир нафар вояга етмаган фарзанди ва аёли энди кимнинг қўлига қарайди? Е.Радченконинг хатоси, ёш йигитга сиртдан ёрдам бергани учун, ёруғ оламни тарк этган аёлнинг айби нима эди? 

Саволлар кўп. Аммо жавоб битта. “Саёқ юрган таёқ ейди”. 

Мавзуга оид