Жаҳон | 07:51 / 01.10.2018
17319
2 дақиқада ўқилади

Македониянинг қайта номланиши бўйича референдум натижалари эълон қилинди  

Фото: AP

Македония давлати номи ўзгартирилиши бўйича ўтган референдумда давомат овоз бериш натижалари тан олиниши учун зарур бўлган 50 фоиздан камроқни ташкил қилди. 

Македония марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг фақат учдан бир қисми (34 фоизи) референдумда иштирок этган. Овоз берганларнинг аксарияти (90 фоиз) Македония номининг ўзгартирилишини қўллаб-қувватлашган. Референдумда 1,8 млн овоз берувчидан 650 мингдан кўпроғи иштирок этган. 

Афина ва Скопье ўртасидаги келишувга қарши чиқаётган, Греция мудофаа вазири Панос Камменос референдум муваффақиятсизликка учраганини, Македония бош вазири Зоран Заев эса, аксинча, овоз бериш муваффақиятли ўтганини айтган. Маълум қилинишича, референдумдаги паст давоматга давлатнинг аввалги номи қолдирилишини истаётган миллатчиларнинг овоз беришни бойкот қилишга чақириқлари сабаб бўлган.  

Заевнинг таъкидлашича, Македония номининг ўзгартирилиши масаласи энди мамлакат парламентида кўриб чиқилади.

17 июнда Македония ва Греция собиқ югослав давлатининг Шимолий Македония Республикаси деб қайта номланиши бўйича келишув имзолаган. 

Мамлакатнинг номи борасида Афина ва Скопье ўртасидаги баҳс 1991 йилда Македония Югославиядан мустақил бўлгандан кейин бошланган. Мамлакат номи Грецияда шундай номдаги вилоят борлиги сабабли Афина томонидан тан олинмаган. Македония номининг ўзгартирилиши Скопьега НАТО ва Европа Иттифоқига киришга имкон беради, чунки икки давлат ўртасидаги кўп йиллик баҳсни ҳал қилади.

Мавзуга оид