Ўзбекистон | 14:03 / 06.10.2018
80348
4 дақиқада ўқилади

Бундан 80 йил олдин ўзбек маърифати етакчилари отиб ташланганди 

Ўзбек миллати бошидан суронли, мусибатли ва қайғули кунлар жуда кўп ўтган. Ана шундай кунлардан бири 1938 йил октябрининг биринчи ўн кунлиги бўлганди. Ўшанда ўзбек фарзандлари ўлдирилиши билан бирга, унинг маърифатига, динига ва аслиятига болта урилган.  

Маълумотларга кўра, СССР Олий суди Ҳарбий коллегиясининг 1938 йил 4 октябрдан 16 октябргача бўлган сайёр йиғилишларида 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм чиқарилган. Улар орасида Раҳим Иноғомов, Усмонхон Эшонхўжаев, Рустам Исломов, Файзулла Раҳимбоев, Акбар Исломов, Саъдуллахўжа Турсунхўжаев каби давлат ва жамоат арбоблари, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби халқнинг ардоқли шоир ва ёзувчилари, Ғози Олим Юнусов, Қаюм Рамазон, Отажон Ҳошимов, Мажид Қодиров, Зиё Саидов, Мунаввар Қори, Боту, Усмон Носир каби маърифатпарвар инсонлар ҳам бор эдики, уларнинг бари сўзсиз отиб ташланган.

Абдулла Қодирий

Тарихий маълумотларга кўра, “Катта террор” 1937 йил 30 июлдан бошланиб 1938 йил ноябрига қадар давом этган бўлиб, шу вақт ичида 1,5 миллион киши қамоққа олинган, шундан 700 минги отиб ташланган. Унинг қаҳрли тиғи жамият аъзоларининг барча тоифаларини ўз домига тортган. Айниқса, “катта террор”дан аҳолининг қуйи табақасидагилар кўп жабр-зулм кўришган.  

Абдулҳамид Чўлпон

Ўша мудҳиш кунларда қатағон балоси ёшу қарини, аёлу эркакни баравар ўз домига олди. Буни тарихий манбаларда қайд этилган маълумотлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Абдурауф Фитрат

“НКВДнинг 00486-сонли буйруғи бўйича 1938-1946 йилларда Қарағандадаги “АЛЖИР” (Акмолинский лагерь жён изменников родины) лагерида “Ватан хоинларининг оила аъзолари”дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган, шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқори бўлган болалар “ижтимоий хавфли” ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.

Отажон Ҳошимов

Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафари фарзанд кўрган, бу болалар кўпинча севги асосида эмас, зўрлик асосида дунёга келган”, дейилади “Қатағон қурбонлари” китобида.

Мажид Қодиров

Умрлари хазон бўлган ўзбек миллатининг фарзандлари хотираси бугун эъзозда. Янги авлод вакилларига уларнинг ҳаёти, ҳақпарвар ва халқпарвар бўлганликлари, миллатга, ватанга бўлган муҳаббатлари сабаб барча қийинчиликларга тик қарашганини янада чуқурроқ, холис тарзда етказиб бериш бугунги ҳар бир маърифатпарвар фуқаронинг бурчидир. Чунки тарихий хотираларсиз ҳеч қачон келажак қуриб бўлмайди.

Тарихий маълумотлар асосида Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.

Мавзуга оид