Фан-техника | 17:58 / 06.10.2018
5903
2 дақиқада ўқилади

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги «Mirzo Ulugbek Innovation Center» мувофиқлаштирувчиси бўлди

Фото: Mirzo Ulugbek Innovation Center

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация марказининг фаолиятини тартибга солишга доир энг муҳим функциялар топширилди, деб ёзмоқда Norma.

Агентлик бош вазир бошчилик қилган Марказнинг Мувофиқлаштирувчи кенгаши ўрнини босади. Бошқа функциялар сирасида у юридик шахсларни Марказ резидентлари сифатида рўйхатга олиш ва уларни ушбу мақомдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, 30.06.2017 йилдаги ПФ–5099-сон фармонга мувофиқ, Марказ резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга:

• барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;
• белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилган.
 
Резидент мақомини олиш мезонлари ҳамда солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш тартиби эса Марказ тўғрисидаги низом (ВМнинг15.08.2017 йилдаги 631-сон қарорига 2-илова) билан тартибга солинган. Марказнинг расмий сайти маълумотларига кўра, 154 та ташкилот унинг резиденти мақомига эга бўлган.

Ҳужжат 1.10.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид