Спорт | 14:30 / 07.10.2018
148169
3 дақиқада ўқилади

Нурмагомедов жангдан кейинги можарога изоҳ берди

Фото: Isaac Brekken/Getty Images

UFC жангчиси Хабиб Нурмагомедов Конор Макгрегорга қарши ғалабали жангдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида юзага келган муштлашувга нима сабаб бўлганини маълум қилди.

«Мен Невада штати спорт комиссиясидан узр сўрамоқчиман. Лас-Вегасдан ҳам узр сўрайман. Биламан, ўзимни яхши томондан кўрсата олмадим. Аммо мен ҳам оддий одамман ва нима учун ҳозирда фақат мен октагондан чиққаним муҳокама қилинаётганини тушунмаяпман.

Нима учун ҳеч ким менинг диним, мамлакатим ва отамга қаратилган гапларни эсламаяпти?

У Бруклинда автобусга ҳужум қилганди. У бир неча кишини ўлдириб қўйишига бир бахя қолганди. Бунга нима дейсиз? Нега ҳозир ҳеч ким бу воқеани эсламаяпти? Нима учун одамлар ҳозир фақат мен қафасдан қандай сакраб чиққанимни гапиришмоқда? Мен тушунмаяпман.

Отам мени камтарликка ва одамларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ўргатган. Мен аслида бошқачаман. Буни кўпчилик, Калифорнияда ўтказган 7 йилим давомида бунга гувоҳ бўлганлар тасдиқлаши мумкин. Улар аслида қандайлигимни билишади. 

Мен одамларга юзланмоқчиман... журналистларга. Менимча айнан улар бу ўйинни шундай даражага олиб келишди.  Бу ўйинда трэшток (трэш-ток - рақибга ҳурматсизлик) бўлмаслиги керак. Курашда ҳамма бир-бирини ҳурмат қилиши керак. Мен аввал ҳам айтгандим — бу ўйинни ўзгартирмоқчилигимни! Мен жангчилар бундан буён рақиби, унинг отаси, дини ҳақида ҳар хил бемаъни гапларни айтишини истамайман. Булар ҳақида ёмон гаплар айтишингиз мумкин эмас. Шахсан мен учун бу муҳим.

Бўлди, йигитлар. Келганингиз, кутганингиз учун раҳмат. Лас-Вегас, яна бир бор кечир. Невада, кечир. Қайтганимда отам таъзиримни беришини билиб турибман, чунки... у шунчаки менинг таъзиримни беради.

Яна бир гап. Сизлар Макгрегор Путин билан суратга тушганини кўп муҳокама қилгандингиз. Путин ҳозиргина менга қўнғироқ қилди ва менинг ғалабам билан фахрланишини айтиб, мени табриклади. Эслаймизми, мен сизларга айтгандим, 6 октябрь куни бу ерга келиб, барчасини ўзгартиришимни. Буни уддаладим», — деган Нурмагомедов журналистларга қарата.

7 октябрь куни тонгда ўтказилган UFC 229 турнирининг асосий жангида Хабиб Нурмагомедов Конор Макгрегорни 4-раундда бўғиш усули билан таслим этди. Жанг якунида доғистонлик октагондан сакраб чиқди ва ирландиялик рақибининг мураббийи Диллон Дэннисга ташланди. Худди шу вақтда унинг жамоаси аъзолари октагон ичига кириб Макгрегорнинг ўзига ҳужум қилишди. Жанжал полициячилар аралашуви билан тўхтатилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича текширув олиб борилмоқда.

Охирги хабарларга кўра, қоидаларни бузгани учун Хабиб Нурмагомедов дисквалификация қилиниши ва чемпионликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, унга жанг учун тўланиши керак бўлган гонорар текширув якунлангунича музлатиб қўйилган.

Мавзуга оид