Жаҳон | 00:09 / 11.10.2018
7177
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг собиқ президенти ўғли қўлга олингани маълум қилинди

Фото: РИА Новости / Файед Эль-Гезири

Миср хавфсизлик кучлари Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг кенжа ўғли Абдуллоҳни Қоҳиранинг ғарбий қисмида қўлга олишган. Бу ҳақда Мурсийнинг тўнғич ўғли Аҳмад маълум қилган.

2017 йил октябрда Мурсийнинг бошқа бир ўғли Усама Мисрнинг Аш-Шарқия вилоятида ушланиб, қурол сақлаш айблови билан 3 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. 2017 йил сентябрда Қоҳира апелляция суди Абдуллоҳга Қатар фойдасига жосуслик қилиш айблови билан чиқарилган умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини қўллаб-қувватлаган. 

Маълум қилинишича, махсус кучлар ходимлари Абдуллоҳ ўз оиласи билан яшайдиган уйни соат 7.30да қуршаб олишган. Уч зобит уйга кириб, Абдуллоҳни ушлаб, ўзлари билан олиб кетишган. Таъкидланишича, у ҳозирда қаердалиги номаълум. 

Маълум қилинишича, Муҳаммад Мурсий ва унинг “Мусулмон биродарлар” ҳаракати бўйича сафдошлари унинг президентлиги вақтида Миср махсус хизматлари ва армияси фаолиятига тегишли ўта махфий ҳужжатларни Миср давлатини заифлаштириш мақсадида Қатар разведкасига топширган. Мурсий ва бошқа судланувчилар ўз устларидан олиб борилаётган судни тан олмасликларини ва буни Мисрнинг янги ҳукумати иши деб ҳисоблашларини айтишган.

Мурсий ҳокимиятдан четлатилгандан кейин унга нисбатан 5 та жиноий иш очилган. Жумладан, унга президент саройи олдида унинг тарафдорлари ва душманлари ўртасидаги тўқнашувлар, Қатар ва ХАМАС фойдасига жосуслик қилиш, 2011 йилдаги оммавий тартибсизликлар вақтида турмадан қочиш ва судьяларни ҳақоратлаш бўйича айбловлар қўйилган.

Мавзуга оид