Ўзбекистон | 20:04 / 15.10.2018
11856
3 дақиқада ўқилади

Яна бир Нобель мукофоти совриндори - туркиялик Азиз Санжар Ўзбекистонда

Ўзбекистондаги ўқув жараёнларига етакчи хорижий олимларни жалб қилиш мақсадларида Ўзбекистон Миллий Университети ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори, жаноб Азиз Санжар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бугун, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов туркиялик Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар билан учрашди.

Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев
Фото: Камиль Еникеев

Шунингдек Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбари Ином Мажидов ҳам олим билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон томон машҳур олимнинг юртимизга ташрифи ёшларимизнинг илмий тадқиқот ишларига бўлгани қизиқиши ортишида, уларнинг ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, танлаган соҳасида ижобий ютуқларга эришишида сезиларли туртки бўлишини қайд этди.

Ўз навбатида, жаноб Азиз Санжар Ўзбекистонда ўзини Она-Ватанидагидек ҳис қилаётгани, ўзига берилган Нобель мукофоти бутун туркий халқлар мукофоти деб ҳисоблашини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, таниқли олим ўзбек алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини эътироф этар экан, илм-фан тараққиёти фундаментал тадқиқотлар билан узвий боғлиқлигини қайд этди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Туркиялик олим, Шимолий Каролина Университети (АҚШ) биокимё ва биофизика фанлари профессори 15-22 октябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб, Миллий Университетнинг ёш мутахассислари, бакалавр, магистрант ва докторантлари учун маърузалар ўқийди, шунингдек молекуляр биология соҳасида мутахассислар билан тажриба алмашади. Бундан ташқари, у республикамиз ёш олимларини илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга жалб қилади.

Жаноб Санжар Азизнинг Тошкентга ташрифи вақтида унинг шунингдек Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен, Миллий Университет ректори А.Мараҳимов, ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Исхан Чағлар билан учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Нобель мукофоти совриндори ташрифи давомида Ўзбекистон Миллий Университети молекуляр биология соҳалараро қўшма лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этади.

Бундан ташқари, 18-21 октябрь кунлари Азиз Санжар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари - Хива, Урганч, Бухоро ва Самарқандда бўлади ҳамда у ерларда ҳам ёш олимлар билан учрашади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу - жорий йилнинг ўзида иккинчи Нобель мукофоти совриндорининг Ўзбекистонга ташриф буюриши. Бундан аввал KUN.UZ'да Нобель мукофоти совриндори Рёдзи Ноёрининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақида маълумот берилган эди.

Ноёри ўзбекистонлик талабалар билан мулоқот қилиб, илм-фаннинг сўнгги ютуқлари, ўз ҳаётий тажрибаси ва илмий натижалари билан ўртоқлашган.

Мавзуга оид