Пахта теримидаги камчиликлар туфайли оммавий равишда ишдан бўшатишлар амалга оширилмоқда
14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов раислигида пахта йиғим-теримига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 2018 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини жадаллаштириш, теримчиларни далага сафарбар қилиш, кунлик терим суръатини оширишда жойларда мутасаддилар томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан якунлаш бўйича шошилинч чоралар кўриш юзасидан 4та сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланган.
Йиғилишда бош прокурор Отабек Муродов, президент админстрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ҳамда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Зоир Мирзаев нутқ сўзлаган.
Йиғилиш кескин танқидий руҳда ўтган. Маълум қилинишича, аксар туманларда иккинчи терим бошланиб кетганига қарамасдан пахта режаси 60 фоиздан ошмаган, айрим ҳудудларда режа 25-40 фоиз атрофида қолмоқда.
«Kun.uz» манбаси маълум қилишича, Низомиддинов президентнинг махсус қарорига кўра, жойларда сектор раҳбарлари (туман ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиқлари, ДСИ бошлиқлари) бўлган 100дан ортиқ кишига нисбатан интизомий чора (ишдан бўшатиш, икки ойлик маошдан маҳрум этиш, ҳайфсан) қўлланиши ҳақида маълум қилган.
Жумладан, пахта терими вақтидаги сусткашликлари учун 10дан ортиқ туманда прокурорлар, 10дан ортиқ туманда ИИБ бошлиқлари ишдан кетган, солиқчилар орасида эса ишдан олинганлар сони кўпроқ.
Бундан аввалроқ Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимовга ҳайфсан берилгани, вилоят ИИБ бошлиғи ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:08 / 16.12.2024
Самарқандда ўқувчига қўл кўтарган директор ўринбосарига ҳайфсан берилди
20:18 / 30.11.2024
Энергетика соҳасидаги сусткашлик учун 14 нафар ҳокимга ҳайфсан берилди
17:02 / 14.09.2024
Мактаб ўқувчилари орқали фуқароларга эслатма-хат йўллаган солиқчиларга ҳайфсан берилди
22:09 / 23.11.2023