Спорт | 15:58 / 16.10.2018
9689
3 дақиқада ўқилади

Профессионал бокс. Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг навбатдаги рақиби маълум

Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,67 кг) вазн тоифасида рингга чиқадиган ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг навбатдаги жангдаги рақиби аниқ бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзига асосланган ҳолда «Халқ сўзи Online» нашри хабар берган.

Қудратилло Абуқаҳҳоровнинг навбатдаги рақиби япониялик Кеита Обара бўлади. Ноябрь ойида 32 ёшга тўладиган япониялик боксчи шу кунга қадар 24та жанг ўтказган ва 20 жангда ғалаба қозонган (18 нокаут), 3 марта мағлубиятга учраган, битта жангда дуранг натижа қайд этилган.

Ҳозирда у ярим ўрта вазннинг WBO йўналишида Осиё-Океания камари соҳиби саналади. Обара айни вақтда IBF йўналишида рейтингда олтинчи, WBO йўналишида эса 15-ўринда бормоқда. У 2016 йилда IBF ва IBО йўналишлари чемпионлик камари учун рингга чиқиб, россиялик Эдуард Трояновскига имкониятни бой бериб қўйганди.

«Америкада уч ой давомида шуғулланиб, рақиб топа олмадик. Негадир у ердагилар бизнинг таклифларимизни рад қилишди. Рейтингда энг юқори ўринларга чиқиш учун шу даражадаги боксчиларга таклиф билан чиқдик. Аммо улар ҳам рад этишди. Масалан америкалик Жесси Варгасга икки марта таклиф билан чиқдик. Унинг промоутерлари рози бўлишмади. Агар у билан жанг қилиб ютганимда, бир йўла иккита камарга биринчи рақамли даъвогар бўлардим.

АҚШда жанглар ҳал бўлмагач, Малайзияга қайтдик. Бу ерда япониялик Кеита Обара билан жанг ўтказишга келишиб олдик. Жангни декабрь ойи бошларида ўтказишни режалаштиряпмиз», деган Абдуқаҳҳоров.

Ҳозирча жангнинг аниқ санаси ва ўтказиладиган жойи номаълум. Жанг Малайзия ёки Японияда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу борада музокаралар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қудратилло Абдуқаҳҳоров WBC йўналишининг иккинчи даражали WBC Silver камарини ўз вақтида ҳимоя қилмагани учун камар ундан олиб қўйилганди. 6 октябрь куни Жесси Варгас ва Томас Дулорме ушбу камар учун рингга кўтарилди, аммо жангда ғолиб аниқланмади. Натижада олдинроқ Абдуқаҳҳоров тегишли бўлган камар, айни вақтда келиб вакант бўлиб турибди.

Маълумот учун, Қудратилло Абдуқаҳҳоров профессионал боксда 15 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба (9 нокаут) қозонган. У 15-жангни шу йилнинг майида Тошкентда ўтказган ва 8 раундлик жангда танзаниялик Тваха Кассимуни мағлубиятга учратганди.

Айни вақтда боксчи WBC рейтингида 3-ўринда бормоқда. Шунингдек, у IBF рейтингида тўртинчи, WBO рейтингида эса 12-ўринда жойлашган.

Мавзуга оид