Жаҳон | 17:38 / 18.10.2018
17398
3 дақиқада ўқилади

«Сиз ўғрисиз». Навальний Золотовнинг дуэлга чорловини қабул қилди

Россиялик мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Росгвардия директори Виктор Золотовнинг дуэлга чорловига жавоб қайтарди. Золотов сентябрь ойида, Навальний қамоқда эканида Коррупцияга қарши курашиш фондининг ўзига қарши материали учун сиёсатчини видеомурожаат орқали дуэлга чақирганди.

14 октябрь куни озодликка чиққан мухолифатчи видеомурожаат билан жавоб қайтарган. У Золотовнинг дуэлга чорловини қабул қилиб, дуэлни федерал телеканалда жонли эфирда дебат тарзида ўтказишни таклиф қилган.

«Чақирилган томон дуэль шаклини ва қуролни танлайди. Мен сизнинг чорловингизни қабул қиламан ва жойни ҳамда қуролни танлайман. Сиз билан дуэлимиз Биринчи каналда, ёки иккинчи каналда, ёки бошқа исталган федерал каналда дебат тарзида ўтказилади. Агар телеканаллар эфир беришмаса, YouTube-каналда ҳам миллионлаб киши бизнинг баҳсимизга гувоҳ бўлиши мумкин. Сизга ўйлаб кўриш учун бир ҳафта муддат бераман. Вақт кетди», деган Навальний.

Ўз жавобида мухолифатчи Коррупцияга қарши курашиш фонди томонидан аниқланган Золотовга ва унинг яқин қариндошларига тегишли кўчмас мулкларни санаб ўтган. У Золотовни ноқонуний равишда бойлик орттиришда айблаган.

«Мен ҳеч қачон сиз ҳақдаги фикримни ўзгартирмайман. Мен сизни ўғри деб ҳисоблайман. Росгвардиядаги ҳамтовоқларингиз билан мамлакатни ва халқни талон-тарож қилмоқдасиз», деган Навальний.

Август ойи охирида Навальнийнинг коррупцияга қарши курашиш фонди Росгвардия учун озиқ-овқат маҳсулотлари РФ бош вазири Дмитрий Медведевга алоқадор бўлган шахсга тегишли компания томонидан етказиб берилиши, тузилган шартномада кўрсатилган нархлар бозор нархидан бир неча баробар кўплиги баён этилган материалини эълон қилган, Золотов коррупцияда айбланганди.

Навальний январдаги акция учун муддатни ўтаётганда, 11 сентябрь куни Росгвардия раҳбари Виктор Золотов мухолифатчига қаратилган видеомурожаатини эълон қилганди ва уни дуэльга чорлаганди.

Золотовнинг айтишича, Навальний нархлар ҳақида ҳеч нарса билмайди ва текширувида ҳақоратлар ҳамда туҳматларга йўл қўйган. У сиёсатчи яна бир шундай ишга қўл урса, унинг «оёқларини узиб олиши» ва «Росгвардия шахсий таркиби гувоҳлигида шоу уюштириш»га ваъда берганди.

Мавзуга оид