Жаҳон | 14:30 / 19.10.2018
15693
3 дақиқада ўқилади

Золотов Навальний билан дебат ўтказишдан қочди

Фото «Коммерсантъ»

Росгвардия директори Виктор Золотов Алексей Навальнийнинг федерал телеканал эфирида дебат ўтказиш бўйича таклифини қабул қилмади. ТАСС хабарига кўра, у сиёсатчини «бошқа ишга таклиф қилгани»ни эслатиб ўтган.

«Дебатларга? Мен уни бошқа нарсага чорлагандим. Биз у билан келиша олмадик. Аммо мен унинг саволига жавоб қайтараман. У мени нималарда айблаган бўлса, мендан жавоб бўлади. Қандай форматда жавоб қайтаришимни кейинроқ ҳал қиламиз», — деган Золотов. Унинг бу чиқиши видеоси LIFE SHOT телеграм-каналида эълон қилинган.

Золотов Навальнийни спорт беллашувига таклиф қилгани, лекин уни мухолифатчини калтаклаш истагини билдиришда айблашаётганини қайд этиб ўтган.

«Аммо гап шундаки, ҳозир иш судга кетмоқда, суд ўтказилганидан кейин суд қарори чиққанидан кейин биламиз — у ҳақми ёки ноҳақ», — дея қайд этган Золотов. У бу масалага суддан кейин қайтишини қўшимча қилган.

18 октябрь куни Алексей Навальний Виктор Золотовнинг ўзини дуэлга чорлаб йўллаган видеомурожаатига жавоб қайтарганди. Навальний Золотовнинг таклифини қабул қилган ҳамда уни федерал телеканаллардан бирида дебат ўтказишга чақирганди.

Август ойи охирида Навальнийнинг коррупцияга қарши курашиш фонди Росгвардия учун озиқ-овқат маҳсулотлари РФ бош вазири Дмитрий Медведевга алоқадор бўлган шахсга тегишли компания томонидан етказиб берилиши, тузилган шартномада кўрсатилган нархлар бозор нархидан бир неча баробар кўплиги баён этилган материалини эълон қилган, Золотов коррупцияда айбланганди.

Навальний январдаги акция учун муддатни ўтаётганда, 11 сентябрь куни Росгвардия раҳбари Виктор Золотов мухолифатчига қаратилган видеомурожаатини эълон қилганди ва уни дуэльга чорлаганди.

Золотовнинг айтишича, Навальний нархлар ҳақида ҳеч нарса билмайди ва текширувида ҳақоратлар ҳамда туҳматларга йўл қўйган. У сиёсатчи яна бир шундай ишга қўл урса, унинг «оёқларини узиб олиши» ва «Росгвардия шахсий таркиби гувоҳлигида шоу уюштириш»га ваъда берганди.

Мавзуга оид