Ўзбекистон | 18:50 / 26.10.2018
30663
2 дақиқада ўқилади

Президент ва ҳукумат аъзолари Вера Пак вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат аъзолари Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Пак вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди. 

Вера Пак 1938 йили Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманида туғилди. 1961 йили Нукус давлат педагогика институтининг кимё-биология факультетини битирди. 

Бўлғуси педагог ўз меҳнат фаолиятини 1961 йили Хива шаҳридаги А.С.Пушкин номидаги 3-умумтаълим мактабида кимё ва биология фанлари ўқитувчиси сифатида бошлади. Ушбу мактабда ёш авлоднинг билимдон фарзандлар бўлиб камолга етишига муносиб ҳисса қўшди. 

1985-2015 йилларда Хоразм вилоятидаги 20-Меҳрибонлик уйи раҳбари, 2015-2018 йилларда Хива шаҳридаги “Меҳрибонлик шаҳарчаси” директори лавозимларида меҳнат қилди. 

Вера Пак 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият юритди. 

У ўзининг 57 йиллик педагогик фаолияти мобайнида ота-она меҳрига ташна кўплаб болаларнинг юрагида ҳаётга, келажакка мустаҳкам ишонч уйғотган эди. Уларнинг Ватанимизга, халқимизга садоқатли фарзандлар бўлиб улғайиши йўлида фидойилик билан меҳнат қилди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари мустақил ҳаётга қадам қўйганидан сўнг ҳам уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, ёш йигит-қизларнинг касб-ҳунар ўрганиши, оила қуриб, уй-жой билан таъминланиши йўлида жонбозлик кўрсатди. 

Устоз Вера Пакнинг мамлакатимиз таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 1992 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони, 2001 йили “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланган эди. 

Меҳрибон устоз, фидойи педагог, самимий ва камтарин инсон Вера Борисовна Пакнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, 
А.Арипов, А.Абдувахитов, Ш.Шерматов

Мавзуга оид