Ўзбекистон | 19:26 / 27.10.2018
35316
3 дақиқада ўқилади

Янгийўлда 25-30 килограммли қовоқлар етиштирилмоқда (фото, видео)

“Абдуллажон” фильмидаги улкан қовун-тарвузларни яхши эслаймиз, бу каби экинларни ҳаётда учратмаган бўлишингиз мумкин. Бироқ, Тошкентнинг Янгийўлида 25 – 30 килограммли қовоқлар етиштирилаётгани ҳақиқат.

 Биз бу хабарни эшитгач, улкан қовоқларни етиштириши билан танилган фермер Алиназар Имомназаровни қидириб йўлга тушдик. Борар манзилимиз бироз олис кўринса-да, улкан қовоқларни кўриш, кўрганларимизни эса лавҳа қилиб ўқувчига етказиш иштиёқи бу қийинчиликларни енгиб ўтишга сабабчи бўлди.

Видео: TasiIX

Видео: Facebook

Видео: YouTube

Сўраб-суриштириб, ниҳоят, Янгийўл тумани, Миришкор қишлоғида яшовчи фермер Алиназар Имомназаров хонадонини топиб бордик.

Фермернинг Kun.uz’га ҳикоя қилишича, йирик қовоқларни етиштиришда дастлабки иш, аввало, сифатли уруғ танлашдан бошланади. Хусусан, экиладиган қовоқ уруғи тоза, юқори унувчан ва бутун (синмаган) бўлиши керак. Экин майдонига кузда минерал ва органик ўғитлар берилиб, 30-35 см чуқурликкача шудгорланади.

Қовоқлар Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида 15 апрелгача, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 апрелгача, шимолий минтақаларда эса 30 апрелгача экилади.

Уни экиш учун қатор оралари 360 сантиметр бўлган кенг эгат олинади. Бундай эгатлар қовоқ палакларини яхши ёйилишига имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади ва ҳар 1 сотих ерга 50–60 г уруғ сарфланади.

Қовоқ навларига қараб, 110-140 кунда пишиб етилади.

“Қовоқ кишилар соғлиғи учун ҳам анча фойдали экин”,-дейди фермер. Унинг қайнатиб пиширилгани ошқозон ва ичаклар учун яхши дармондори. Етилиб пишган қовоқ мағзи овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди.

Фермер қовоқнинг яна бир устунлиги сифатида унинг мазали ва витаминларга бой бўлса-да, кам калорияга эгалигини билдирар экан, одамлар уни дала чети, экин ораларидаги кичик майдонларда ҳам етиштириши мумкинлигини таъкидлади.

Алиназар Имомназаровнинг айтишича, асосан, қиш ойларида истеъмол қилинадиган қовоқнинг ҳозирги вақтдаги 1 килограммининг нархи маҳаллий бозорда 1500-2000 сўмни ташкил этади.

Суҳбатимизни якунлаб, хайрлашар эканмиз иссиқни-иссиқ, совуқни-совуқ демай ҳосил етиштириб, халқ дастурхони тўкинлигига ўз ҳиссасини қўшаётган фермернинг фаолиятига омад тиладик.

Илёс Сафаров, Kun.uz мухбири
Шерзод Эгамбердиев, оператор

Мавзуга оид