Спорт | 16:38 / 30.10.2018
52093
2 дақиқада ўқилади

AIBA президентлиги йўлида Ғофур Раҳимовга рақобатчи пайдо бўлди

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Халқаро Бокс Ассоциациясининг (AIBA) шу ҳафта бўлиб ўтадиган президентлик сайловида ташкилотнинг ҳозирги вақтинчалик раҳбари Ғофур Раҳимовдан ташқари амалдаги вице-президент қозоғистонлик Серик Қўнақбаев ҳам иштирок этадиган бўлди.

29 октябрь куни Спорт Арбитраж Суди (CAS) сайловда кўрсатган номзоди қабул қилинмаган Конакбаевнинг апелляциясини қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилган. Бу ҳақда бугун суд расмий сайтида маълум қилинди.

«AIBA Сайлов Қўмитаси баъзи федерацияларнинг ўз номзодини илгари суриш учун юборган ҳужжатларини нотўғри шаклда бўлгани сабабли ноўрин равишда қабул қилмаган, аммо бундай номзодлик аризалари қониқарли деб топилиши керак эди. Шунинг учун ҳам Кенгаш Серик Қўнақбаев AIBA президентлиги учун талаб этиладиган камида 20 та овозни белгиланган муддат ичида тўплай олган, деб ҳисоблайди», - дейилади суд баёнотида.

Серик Қўнақбаев / Фото: Казинформ

Эслатиб ўтамиз, Осиё Бокс Конфедерацияси президенти Серик Қўнақбаевнинг номзоди AIBA президентлиги учун сайловда иштирок этиш учун ҳужжатларни вақтида етказиб бера олмагани туфайли якуний босқичга ўтказилмаган эди. У ўзини камида 20 та давлат федерацияси қўллаб-қувватлаши ҳақидаги маълумотни жўнатишда бир неча соатга кечиккан.

Ғофур Раҳимов ва Серик Қўнақбаев 26 сентябрь куни президентлик учун ўз номзодларини илгари суришган эди. Аввалбошдан рақобат фақат ушбу икки номзод ўртасида кечмоқда.

Жаҳон ҳаваскор боксининг бош раҳбарлиги учун сайлов 3 ноябрь куни ташкилотнинг Москвадаги Конгрессида бўлиб ўтади.

Мавзуга оид