Ўзбекистон | 15:20 / 31.10.2018
69246
3 дақиқада ўқилади

Санъат Умаров суд қилинмоқда

Бугун, 31 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда «Kun.uz» мухбири хабар бермоқда.

У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а» банди,  шунингдек, 241-моддада (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида тезкор вакил Санъат Умаров ва бошқалар аёл кишини ўғирлик қилганликда айблаб ҳақорат қилган ва ечинишга мажбурлаганди. Умаров ушбу жараённи видеога ёзиб олган, тасвир кейинчалик интернетда тарқалиб кетганди.

Бу ҳодиса ижтимоий тармоқда катта резонанс келтириб чиқарди. Интернет сайтларида танқидий мақолалар нашр этилди, жамоатчилик вазият бўйича муносабатини билдириб, инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб этди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ айбланувчи Санъат Умаровга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шундан сўнг, ички ишлар органлари сафида «тозалаш» ишлари олиб борилди.

13 июль куни Ўзбекистон ИИВ раҳбари Пўлат Бобожонов Каттақўрғон туманига борди. 

14 июль куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров ишдан олинди. Вазирнинг ташрифи доирасида ИИБнинг яна бир неча ходим ишдан бўшатилди, Каттақўрғон ИИБнинг барча ходимлари аттестациядан ўтказилиши белгиланди.

Вазирнинг 19 июлгача давом этган Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Булунғур тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Содиқ Абдуҳакимович Абдуҳакимов ва Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Хайрулло Убайдуллаевич Абдуҳамидов ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Мавзуга оид