Сурхондарё вилояти ҳокими қатор ижтимоий объектлардаги аҳволни кескин танқид қилди
Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов Термиз шаҳридаги боғча, мактаб, шифохона ва бошқа муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлардаги мавжуд аҳвол, уларнинг қишки мавсумга тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Термиз филиали ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидаги аҳвол билан яқиндан танишар экан, вилоят ҳокими беморлар учун яратилган шароитлар, дори-дармон таъминоти, таомлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, санитар аҳвол билан қизиқди. Беморлар билан суҳбатлашиб, палаталар совуқлиги, иситиш тизими ҳамон ишга туширилмаганини кескин танқид қилди.
10-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 2-умумий ўрта таълим мактабидаги аҳвол эса янада аянчли. Боғча тарбияланувчилари электр симлари издан чиққан, иситиш тизими ишламайдиган қоронғи ва совуқ хоналарда машғулотларни ўташмоқда. Синфхоналар совуқлигидан мактаб ўқувчилари дарсда қишки кийимларда ўтиришибди. Электр энергиясини тежашмоқчи шекилли, тўгарак машғулоти қоронғи синфхонада олиб борилаётган экан.
Марказий деҳқон бозори ўрганилганда яроқлилик муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётганлиги, бу ерда кўплаб савдо ходимларининг на ўзи, на у сотаётган маҳсулотлари мавжуд санитария талабларига жавоб бермаслиги ҳолатлари аниқланди.
Ёзда қуёшдан, қиш ва баҳорда қор ва ёмғирдан сақланиш ва автобус кутиш учун шаҳарда шу кунгача замонавий шароитларга эга 8 та инновацион “Ақлли” бекатлар фойдаланишга топширилди. Бугунги совуқ ва ёмғирли кунда эса уларнинг айримларига қулф осилганининг гувоҳи бўлдик. Йўловчилар ёмғирда ивиб, ташқарида автобусни кутишга мажбур бўлишмоқда.
Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга танқидий фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларга ўз фаолиятига талабчанлик, жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёндашиши муҳимлиги таъкидланиб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни қисқа фурсатларда бартараф этиш тўғрисида қатъий топшириқлар берилди.
Термизга ташриф буюрган киши борки, дастлаб Археология музейи фаолияти билан танишади. Ўрганиш жараёнида ушбу музейда ҳам бўлган вилоят ҳокими воҳа тарихи ва маданиятига оид экспонатлар сонини янада кўпайтириш, бу ерга ёшларни кенгроқ жалб қилиш, экскурсиялар ташкил қилиш борасида кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024