Спорт | 02:14 / 04.11.2018
16086
2 дақиқада ўқилади

Ғофур Раҳимов: “Агар ХОҚ билан келиша олмасак, бокс жабр чекмаслиги учун нима қилишни ўйлаймиз”

Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

Аввал хабар берганимиздек, кеча Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Халқаро Бокс Ассоциацияси (AIBA)нинг 2018 йилги Конгресси ўз ишини якунлади. Унда AIBAʼнинг раҳбар лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Жумладан,ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов AIBA президенти этиб сайланди.

KUN.UZ мухбирининг Москвадан хабар беришича, Конгресс иши якунига кўра ўтказилган матбуот анжуманида журналистнинг ХОҚ билан мураккаб муносабатлар ҳақдаги саволига жавоб берар экан, AIBAнинг сайланган президенти Ғофур Раҳимов шундай деди:

— Очиқчасига тан олишим керакки, ҳа, чиндан ҳам ХОК билан муносабатларимиз анча таранглашган, бироқ улар билан доимий мулоқотдамиз. Мен ҳали улар билан боғланишга улгурмадим. Мана энди сайланиб олганимдан сўнг улар билан боғланаман. Ҳозирча улар билан кейинги мулоқотларимиз қай тариқа бориши ҳақида ортиқ ҳеч нарса дея олмайман.

“Известия” газетаси мухбирининг “Яқин орада қандай приниципал ўзгаришларни амалга оширасиз?” деган саволига Ғ.Раҳимов шундай жавоб берди:

— Айни пайтда ташкилотнинг молиявий аҳволини ўнглаш борасида бир неча ойдан буён иш олиб бормоқдамиз. Олдинги раҳбарият ташкилотни оғир аҳволда қолдириб кетган. Шу сабабли биз ташкилотимизнинг молиявий аҳволини яхшилаш борасидаги ишларни давом эттиришимиз керак. Шунингдек, ҳакамлик ишини янги босқичга олиб чиқиш, допингга қарши сиёсатни кучайтириш каби ишларни йўлга қўйсак, ўйлашимча, ривожланишимиз тўғри йўлдан олиб борилаётган бўлади.

“МОК билан музокаралар боши берк кўчага кирса бокс тақдири нима бўлади?” деган саволга AIBA президентининг жавоби қуйидагича бўлди:

— Бизнинг ижроия директоримиз бошчилик штаб-квартирамиз ХОҚдагилар билан доимий алоқада. Ўйлайманки, биз улар билан келиша оламиз. Агар келиша олмайдиган ҳолат юзага келса, бокс жабр чекмаслиги учун қандай қадамлар қўйилиши кераклигини ўйлаймиз, бўлди.

Мавзуга оид