Спорт | 09:19 / 13.11.2018
14472
3 дақиқада ўқилади

Конте нега «Реал» таклифига кўнмаганини тушунтириб берди

Фото: DARREN STAPLES/REUTERS

«Челси»нинг собиқ бош мураббийи Антонио Конте итальян журналистлари билан суҳбатда нега «Реал»ни бошқаришга рози бўлмагани ҳақида гапириб ўтди.

«Қандай мураббийлар тоифасидан эканимни ҳисобга олиб, янги иш бошлаш учун июнгача кутишга қарор қилгандим ва ҳозир ҳам шундай фикрдаман. Шундай бўлса-да, 2-3 ойдан сўнг мураббийлик ишимга қайтиш хоҳиши аланга олиб қолса, ажаб эмас; у ҳолда ҳозир айтганларим ёлғонга айланиб қолади.

Келажакда ўзимни қаерда кўряпман? Айни дамда уйдаман (кулади). Билимимни оширяпман, ўйинларни томоша қиляпман, ўз ҳамкасбларимнинг фаолиятини кузатиб боряпман.

Италияга қайтиш? Нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Мен италияликман, демак бу ерда ўзимни бахтли сезишим аниқ. Шу билан бирга, хорижда ишлашим эҳтимолини ҳам рад этмоқчи эмасман», - деган Контедан иқтибос келтирди AS.

«Қироллик клуби» сардори Серхио Рамосдан Конте ҳақида фикр билдиришни сўрашганида, у: «Ҳурмат қозонилади, талаб қилиб олинмайди», - дея айтиб ўтганди. Кечаги суҳбат вақтида мураббийдан шу борадаги муносабати ҳақида ҳам сўрашди.

«Мураббий кийим алмаштириш хонасига келдими, ўзи билан яхши хулқ-атвор ва ҳурматни ҳам олиб келиши керак. Бу ишдаги энг асосий жиҳатлардан, чунки бусиз жамоада муаммолар бўй кўрсатишни бошлайди», - дея жавоб қилган Антонио Конте.

Конте айни пайтда Италияда бўлиб турибди. У А Сериянинг ўтган мавсумдаги энг яхши мураббийини тақдирлаш маросимида қатнашиш учун келган. Ушбу эътирофга «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри, «Наполи»нинг собиқ устози Маурицио Сарри ва «Лацио» бош мураббийи Симоне Инзаги даъвогар бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» октябрь ойи охирида Хулен Лопетегини истеъфога чиқарган, унинг ўрнига Антонио Конте тайинланиши кутилган эди. Аммо мураббий билан музокаралар бесамар якун топди.

Marca хабарига кўра, италиялик мутахассис музокаралар давомида жамоани ўз фалсафаси асосида қуришида ҳеч ким унга тўсқинлик қилмаслигига кафолат берилишини талаб қилган. Бундан ташқари, у марказий ҳужум чизиғини тўла ислоҳ этмоқчилигини ва «қаймоқранглилар» уч ҳимоячи билан ўйнай бошлашини айтган.

Манбанинг қайд этишича, «Реал» раҳбарияти бу талабларни бажариш имконсиз, деб ҳисоблаган ва шу боисдан Конте номзоди кун тартибидан олинган. Шу билан бирга, бошқа манбаларда ушбу мутахассиснинг собиқ клуби «Челси» билан шартномасини ҳали бекор қилмагани, бу эса мадридликлардан қўшимча харажатларни талаб қилиши ҳам роль ўйнагани айтилди.

Мавзуга оид