Жаҳон | 13:57 / 13.11.2018
14068
4 дақиқада ўқилади

Мьянма раҳбари роҳингялар геноциди туфайли яна бир олий мукофотдан маҳрум бўлди

Athit Perawongmetha / Reuters / Scanpix / LETA

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи халқаро ташкилот Amnesty International Мьянма раҳбари Аун Сан Су Чжуни «Виждон элчиси» мукофотидан маҳрум этди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар қилинган.

Amnesty International бош котиби Куми Найду Аун Сан Су Чжи Мьянма ҳарбий ҳукумати томонидан мусулмон-роҳингяларга нисбатан қилинган геноцидни тўхтатиш учун «ўз сиёсий ва ахлоқий нуфузи»дан фойдаланмаганини таъкидлаб ўтган.

Қайд этиш керакки, Мьянманинг фуқаровий ҳукумати ҳарбийларни назорат қила олмайди. Аммо Amnesty International томонидан ёзилишича, Аун Сан Су Чжи маъмурияти роҳингяларга қарши нафрат урчишига ҳисса қўшган.

Аун Сан Су Чжига «Виждон элчиси» мукофоти 2009 йилда топширилганди.

Аун Сан Су Чжи 1989 йил июлида уй қамоғига олинганди. Бир йилдан сўнг унинг партияси парламент сайловларида кўп овоз олади, аммо ҳукумат овоз бериш натижаларини бекор қилади. Аун Сан Су Чжи 21 йил давомида бир неча марта озод этилади ва яна ҳибсга олинади. У 2010 йилгача жами 15 йил муддатни уй қамоғида ўтказган, у сўнгги бор 2010 йилнинг ноябрида озодликка чиққан. 

У таниқли диссидентга айланган, Тинчлик учун Нобел мукофоти ва бошқа олий даражадаги унвонлар билан тақдирланган.

Озодликка чиққанидан кейин Аун Сан Су Чжи Мьянма ҳукуматида турли лавозимларда фаолият кўрсатади, 2016 йили эса унинг учун алоҳида Мяньма давлат маслаҳатчиси лавозими жорий этилди. Шундай қилиб Аун Сан Су Чжи амалда давлат раҳбарига айланди.

Аун Сан Су Чжи бунгача ҳам роҳингялар геноциди учун танқидга учраганди. Шу туфайли у 2018 йил бошида Канада фуқаролигидан маҳрум бўлганди.

Қатлиом ва юз минглаб жабрдийдалар
2010 йиллар ўрталарида Мьянмада роҳингялар ва араканлар (ислом ва буддизмга эътиқод қилувчи этник гуруҳлар) ўртасида тўқнашувлар кучайди. 2016 йилдан Мьянма армияси уларнинг низоларига очиқчасига аралаша бошлади. 

Мьянмада роҳингя аҳолиси мамлакат фуқаролари деб ҳисобланмас, улар Бангладешдан кириб келган ноқонуний муҳожирлар, деб аталарди. Улар асрлар оша шу минтақада истиқомат қилиб келганига қарамай, фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этилганди.

Мьянма ҳукуматининг ҳаракатлари Ғарбнинг кескин танқидларига сабаб бўлди. 2017 йил мартида роҳингялар билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун комиссия тузишга қарор қилинди, аммо Мьянма халқаро инспекторларни мамлакатга киритишдан бош тортди.

2017 йил 25 август куни Аракан Роҳингя озодлик армияси исёнчилари 30та полиция блок постлари ва армия базасига ҳужум қилиши оқибатида икки томондан жами 71 киши қурбон бўлди.

Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 39-сессияси очилишида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн Мьянманинг Ракхайн штатидаги роҳингяларга нисбатан зўравонликни этник тозалаш деб атади.

«Мьянма инсон ҳуқуқлари соҳасидаги терговчиларни мамлакатга қўйишдан бош тортар экан, ҳозирги вазиятни тўлиқ баҳолаб бўлмайди, бироқ бу вазият китобларда қайд этилган этник тозалаш тушунчасига тўғри келади», - деди у.

Орадан деярли бир ой ўтиб Бангладеш бош вазири Ҳасин Вазид БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиядаги умумсиёсий муҳокамаларда 800 мингдан ортиқ мяньмалик роҳингя мусулмонлари Бангладешга қочиб келганини маълум қилди.

«Биз Мьянма ҳукуматининг ўз чегара ҳудудида роҳингялар қайтиб бора олмасликлари учун мина ётқизаётганини даҳшат билан кузатяпмиз», - деди Бангладеш ҳукумати раҳбари. 

2018 йилнинг 25 августида БМТ Мьянма ҳарбийлари қатлиом мақсадида мусулмон роҳингя халқини оммавий равишда қиргани ва зўрлаганини маълум қилди.

Мавзуга оид