Ўзбекистон | 12:44 / 13.11.2018
6963
2 дақиқада ўқилади

«Сбербанк»нинг Қозоғистондаги шўъбаси Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда

«Сбербанк» Ўзбекистон бозорига қизиқиш билдирмоқда, дея маълум қилди «Сбербанк» АЖ ШК бошқаруви раиси Александр Камалов Forbes Kazakhstan’га берган интервьюсида.

Александр Камалов
Фото: Сбербанк

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда банк ҳозирги кунда бозор шароитида рақобатлашадиган ва экспортга ишлай оладиган бизнес йўналишларини қўллаб-қувватламоқда.

«2014 йилда биз банкда International desk ташкил этдик. Ушбу бўлинма сервис функцияларини кўрсатиш ва компанияларга экспортни ривожлантиришда қўллаб-қувватлов тақдим этиш, шунингдек, йирик трансмиллий компанияларга хизмат кўрсатишга қаратилган. Қозоғистон ва Туркия, Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товарлар оқимининг катта қисми бизнинг банкимиз орқали ўтади. Хитойга алоҳида тармоқ бор», - дейди Камалов.

«Сбербанк» бошқа қўшни мамлакатлар, масалан, Ўзбекистон билан бундай ҳамкорликни кўриб чиқадими, деган саволга Камалов «бозорга қизиқиш бор» эканини айтди:

«Ўзбекистон билан олиб борилаётган операциялар ҳажми ортиб бораётганини, бозорга қизиқиш борлигини кўриб турибмиз, шунинг учун ҳозирда тўлов тизимини созлашга эътибор қаратилган», - деди Камалов.

Унинг сўзларига кўра, ўзбек сўмининг конвертацияланиши плюсга айланди - бу давлатлараро тўловларни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Камалов таъкидлашича, банкнинг бозорда ўсиши бозордаги ўртача кўрсаткичдан юқори, ҳозирги экспертизадан келиб чиқилса, компания ҳар йили 10 фоизга ўсиши мумкинлигини кўрмоқда.

«Бироқ агар бозор тезроқ ўсадиган бўлса, унда биз ҳам ортда қолмаймиз», - деди Камалов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Halyk Bank Ўзбекистонда Tenge Bank’ни очиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид