Жаҳон | 16:57 / 16.11.2018
16122
2 дақиқада ўқилади

«Қизил кхмерлар» етакчилари биринчи марта геноцидда айбдор деб топилди

БМТ қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган Камбожадаги махсус суд «қизил кхмерлар» икки етакчисини геноцидда айбдор деб топди ва уларга қайта умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Демократик Кампучия президиуми собиқ раиси, 87 ёшли Кхиеу Сампхан ва диктатор Пол Потнинг яқин тарафдорларидан бири, «иккинчи рақамли биродар», 92 ёшли Нуон Чеа, инсониятга қарши жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. Бироқ, геноцид аввал уларга чиқарилган ҳукмларда тилга олинмаган.

Кхиеу Сампхан
Кхиеу Сампхан
Нуон Чеа
Фото: REUTERS

Ҳар икки айбланувчи, худди аввалгидек, ўз айбини тан олмади. Чеа белдаги оғриқ туфайли эшитувлар бошланганидан 40 дақиқа ўтиб суд залини тарк этди. Сампхан ҳукмни эшитиш учун мустақил равишда ўз ўрнидан туролмади.

2005 йилда Камбожа ҳукумати томонидан БМТ билан ҳамкорликда Пол Пот режими жиноятларини тергов қилиш мақсадида ташкил этилган суд фақат уч кишига ҳукм чиқарди. Биринчи ҳукм 2010 йилда чиқарилди: ўшанда сиёсий маҳбуслар учун концентрацион лагер собиқ раҳбари Канг Кек Иеу умрбод озодликдан маҳрум этилди. Гумонланувчиларнинг ўлими сабабли 2013 ва 2015 йилларда яна иккита тергов тўхтатилди.

«Қизил кхмерлар» 1975 йилдан 1979 йилгача, Вьетнам қўшинлари томонидан тўнтариб ташлангунга қадар Камбожани (ўшанда Кампучия деб аталган) бошқарган. Бу даврда репрессиялар ва мажбурий аграрлаштириш давомида бир миллиондан уч миллионгача одам ҳалок бўлган - мамлакат аҳолисининг қарийб тўртдан бир қисми. 

Мавзуга оид