Санъат Умаровга суд ҳукми ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан ҳукм ўқилди.
19 октябрь куни бошланган суд мажлиси мобайнида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган, судланувчи С.Умаров ва жабрланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланган, суд тергови ўтказилиб, унда гувоҳлар сўроқ қилинганди.
Бугун, 21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида судланувчи Санъат Умаров (1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
KUN.UZ мухбири хабар беришича, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиев томонидан кўриб чиқилди, судья ҳукмни ўқиб эшиттирди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, С.Умаровни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а», «з» бандларида ва 241-1 моддасида (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда (этишда) айбдор деб топди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда (яъни, у озодликдан чиққанидан кейин 3 йил давомида давлат ишида ишлай олмайди), 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташни белгилади.
Шунингдек, суд томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилган.
KUN.UZ мухбири аниқлик киритишича, жазо муддати 5 июлдан, яъни Санъат Умаров ҳибсга олинган кундан бошлаб ҳисобланади.
Санъат Умаров 1988 йилда Самарқанд туманида туғилган, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган, Каттақўрғон шаҳри ИИБ катта тезкор вакили лавозимида ишлаган.
У ва ИИБнинг бошқа ходимлари шу йилнинг 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида аёл кишини ўғирликда айблаб ҳақорат қилгани ва ечинишга мажбурлагани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетиб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ, Санъат Умаров эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.
Катта резонанс келтирган воқеадан сўнг Ички ишлар вазирлиги Санъат Умаров ички ишлар органлари сафига тасодифан кириб қолган нопок ходим, дея расмий баёнот берганди.
Бу воқеа ортидан Самарқанд вилояти Ички ишлар тизимида ишлаб келаётган бир неча ходимлар, жумладан, Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Илёс Абдуқаҳҳоров ишдан бўшатилган.
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024