Ўзбекистон | 08:15 / 22.11.2018
18749
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ахборот технологиялари соҳасидаги қатор муаммоларни маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Ҳужжатда қайд этилишича, давлат органлари ва ташкилотларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамасдан “Электрон ҳукумат” тизимининг жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишига, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши курашишга тўсқинлик қилувчи қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Жумладан: 

биринчидан, ахборотлаштириш субъектлари томонидан қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартларининг ижро этилиши устидан назорат ва текширишнинг амалдаги механизми замонавий талабларга мувофиқ эмаслиги кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пасайишига олиб келмоқда; 

иккинчидан, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга масъул ягона ваколатли органнинг мавжуд эмаслиги мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг самарасизлигига сабаб бўлмоқда; 

учинчидан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жорий этилаётган аппарат воситалари ва дастурий маҳсулотларни экспертиза ва сертификациядан ўтказиш тизимидаги камчиликлар уларнинг “Электрон ҳукумат” тизимига жадал интеграциялашувини сусайтирмоқда; 

тўртинчидан, телекоммуникация, ахборот ва киберхавфсизлик соҳасидаги назорат тизими, муҳим ахборот инфратузилмасининг мукаммал эмаслиги давлат ахборот тизимлари объектлари, рақамли иқтисодиёт ва шахсий маълумотларнинг заифлашувига олиб келмоқда; 

бешинчидан, бузғунчи кучларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва Интернет тармоғидан фаол фойдаланиши аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган авлоднинг дунёқараши ва онгига салбий таъсир кўрсатмоқда; 

олтинчидан, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий қилиш бўйича тизимли ишларнинг мавжуд эмаслиги миллий ахборот маконини ҳимоя қилишнинг замонавий усулларини жорий қилиш имконини бермаяпти. 

Мавзуга оид