Ўзбекистон | 23:19 / 26.11.2018
6224
4 дақиқада ўқилади

Эксперт: Бошланган ислоҳотлар амалиётга кенгроқ жорий этилиши керак

Ўзбекистон президентининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни олқишлаш мумкин. International Partnership for Human Rights (Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик) ташкилоти вакили Брижит Дьюфор Kun.uz мухбирига берган интервьюсида шундай фикрни билдирди. Шу билан бирга, ислоҳотлар амалиётга кўпроқ кўчиши мақсадга мувофиқ. 

2018 йил 22-23 ноябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бўлиб ўтди. Анжуман фаолиятини ёритган Kun.uz мухбири International Partnership for Human Rights (IPHR) ташкилоти вакили Брижит Дьюфордан (Brigitte Dufour) қисқа интервью олди. Қуйида унинг Kun.uz мухбири саволларига берган жавоблари билан танишишингиз мумкин.

Толиб Раҳматов: – Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни қандай баҳолайсиз?

Брижит Дьюфор: – Саволингиз учун раҳмат. Ташкилотимнинг қараши шундайки, ислоҳотлар олқишланиши керак. Биз Президент томонидан интилишлар борлигини кўрмоқдамиз, бироқ эҳтиёткорликка иқтисодий сабаблар асос бўлаётгани эҳтимол. Шу билан бир вақтда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётганини кўрмаяпмиз. 

Биз жойларда кўп ҳам ўзгаришларни гувоҳ бўлганимиз йўқ. Биз давлат мулозимлари билан учрашганимизда кўплаб ижобий жиҳатларни эшитаяпмиз. Аммо, ҳаётда кам учратмоқдамиз. 
Мисол учун, халқаро ташкилотлар экспертлари учрашуви бўлиб ўтди. Тожикистон, Қирғизистондан кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашди. Аммо, Ўзбекистоннинг ноҳукумат ташкилотлари вакиллари жуда камчиликни ташкил этди. Чунки, бизларни таклиф қилишган, лекин уларни илгарироқ таклиф қилишмаган. 

Жойлардаги ҳақиқий ҳолат ҳақида гапирадиган бўлсак, қоғозда ёзилаётган нарсалар ҳаётга татбиқ этилиши жуда муҳимдир. Бунда фуқаролик жамиятлари ўрни беқиёсдир. Биз Ўзбекистонда кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилари хусусида қайғурмоқдамиз, афсуски, кўплаб ҳамкорларимиз ННТларини рўйхатдан ўтказа олишмаган. Чунки, рўйхатдан ўтиш имкониятига эга бўлиш ҳам жуда мураккаб жараёндир.

Т.Р.: – Самарқанд Форумидан нималарни кутмоқдасиз?

Б.Д.: – Менимча, бу форум ҳозирча, рамзий маънога эга. Баландпарвоз гаплар ва анжуманлар, мамлакатнинг очиқлигини кўрсатиши керакдек. Шу билан бирга, энг муҳими, бу гаплар ажойиб боғларда гапирилмаяпти, балки айнан шу ерда инсонлар учун ташкил этилди. Шу боисдан ҳам, мен ўз чиқишимда ҳам айтганимдек, ушбу майдонда янграган барча маърузалар натижалари Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячиларига тақдим этилишига ишонч ҳосил қилиш керак. Умид қиламанки, шундай ҳам бўлади. Биз, ҳукуматда ҳуқуқ ҳимоячиларидан хавотир олишларига асос йўқлиги борасида тушуниш пайдо бўлади, деган умиддамиз. Уларнинг барчаси фуқаролик жамияти барпо этишда қонуний ўз ўрнига эга.

Т.Р.: – Ва сўнгги саволим. Ташкилотингиз яқин келажакда Тошкентда ўз идорасини очишни режалаштирмоқдами?

Б.Д.: – Менинг ташкилотим бошқа мамлакатларда ваколатхоналарини очмайди, балки биз фуқаролик жамиятларида мавжудларини қўллаб-қувватлаймиз. Биз миллий ташкилотларга кўмак беришга ҳаракат қиламиз. Яъни, ННТ учун қулай муҳит барпо этиш, уларга халқаро даражада овозга эга бўлишлари учун ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга уринамиз. Биз маҳаллий нодавлат-нотижорат ташкилотлари, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари бемалол фаолият юритишлари учун ўзларининг идораларини очишларини қўллаб-қувватлаймиз.

Сўнгги вақтларда қамоқхоналардан озод қилинганлар бўлди. Бироқ, улар реабилитация қилинганича йўқ. Улар ҳамон хавфли жиноятчилар каби ҳисобланмоқда. Улар бугунги кунда озодликка чиққан, бироқ ўзлари ташкил қилаётган ННТларни рўйхатдан ўтказишда тўсиқларга дуч келмоқда. Шунинг учун ҳам уларни оқлаш ҳам зарур.

Мавзуга оид