Ўзбекистон | 11:55 / 26.11.2018
79465
2 дақиқада ўқилади

Қаршида «Ласетти» ҳарбий техника колоннаси билан тўқнашди: уч киши ҳалок бўлди

26 ноябрь куни соат тахминан 08:05да Шаҳрисабз - Қарши автомобиль йўлида ҳарбий колонна ва «Ласетти» автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини тўсатдан тўлиқ текшириш режасига мувофиқ, ҳарбий автомобиллар колоннаси машғулотлар ўтказиладиган ҳудудга йўл олаётган бўлган. Юқорида кўрсатилган йўл кесишувидаги ҳаракат ҳарбий автомобиль инспекцияси ходимлари томонидан тартибга солинган.

«Инспекторларнинг ҳаракатни тақиқловчи кўрсатмасига қарамай, «Ласетти» ҳаракатланишда давом этган. Натижада «ЗИЛ-131» маркали ҳарбий юк автомобили билан тўқнашув юз берди. Уч киши - енгил автомобиль ҳайдовчиси ва икки йўловчиси ҳалок бўлди, «Ласетти»нинг яна бир йўловчиси жароҳат олди», - дейилади хабарда.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Жабрланувчига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилди, унинг аҳволи барқарор ва ҳаётига хавф соладиган ҳеч нарса йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда президент фармойиши билан жанговар шайликни текшириш мақсадида машғулотлар бошлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид