Жамият | 16:11 / 27.11.2018
8384
2 дақиқада ўқилади

Фото: PROlogue халқаро кинофестивалида «Ўзбек киноси тарихи»га саёҳат қилинди

“Ёшлар ижод саройи”да PROlogue халқаро кинофестивали «Ўзбек киноси тарихи» номли фотокўргазманинг очилиши билан бошланди.

Унда таниқли кинематографлар, актёр ва актрисалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Экспозиция кино ихлосмандларининг барини мозий томон бошлади.

Сабаби экспозицияда ўзбек кинематографияси ривожланишининг 6 даври ҳақида ҳикоя қиладиган 70та фотосурат ўрин олган.

Сиз ушбу фильмларни ҳам, унда рол ижро этган актёр ва актрисаларни ҳам яхши танийсиз.

Фотокўргазмада «Ўлим минораси», «Иккинчи хотин», «Қасам», «Бой ила хизматчи», «Маҳаллада дув-дув гап», «Тошкент – нон шаҳри», «Шум бола», «Еттинчи ўқ», «Сиз кимсиз?», «Келинлар қўзғолони», «Ватан», «Сабот» ва бошқа бир қатор бадиий фильмларнинг суратларга муҳрланган лаҳзалари акс этган.

-  Биз фотокўргазмани кўриб, ўзбек киносига тамал тошини қўйиб кетган буюк санъаткорларни, устозларимизни яна бир бор эсладик. Бу фильмларнинг ҳаммаси ўзбек киносининг олтин фондини ташкил қилади ҳамда ёшлар тарбиясида ҳам алоҳида ўрин тутади. Бугунги фестивал фақат санъаткорларники эмас, бутун халқимизники, ёшларники, томошабинларники. Чунки фестивал доирасида жуда кўп тарбиявий аҳамиятга эга  тўлиқ ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади, - деди Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев.  

Кўргазма залига мониторлар ўрнатилиб, унда фотосуратлар 3D шаклида намойиш этилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилаётган PROlogue халқаро кинофестивали доирасидаги йирик лойиҳалар давом этади.

Фотокўргазма 29 ноябрга қадар бўлиб ўтади.

Мавзуга оид