Қовоқ мавсуми! Тери ва сочлар учун фойдаси
Қовоқлар мавсуми авжида! Демак, нафақат қовоқли латте ичишингиз ва қовоқ шўрва тайёрлашингиз, балки бу маҳсулотнинг фойдали косметик хусусиятларига ҳам алоҳида аҳамият беришингиз керак. Унинг барча ижобий жиҳатлари ҳақида маълумот олгач, ҳар йили бу мавсумдан унумли фойдаланмаганингизга афсусланасиз.
Қовоқнинг фойдали жиҳатлари нималардан иборат?
У терининг ўлик ҳужайраларини йўқотиб, унга соғлом жило берадиган альфа-гидроксикислоталардан (гликол ва сут кислоталари каби) иборат. Қовоқ таркибида бета-каротин, А витамини бўлиб, у ажинларга қарши курашда ёрдам беради. Цинк эса ҳуснбузарларнинг олдини олиб, терининг тикланишига хисса қўшади. Қовоқ таркибидаги С витамини иммунитетни кўтаради, В витамини эса қон айланишини яхшилайди. Калий эса ўз навбатида сочлар саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Қовоқнинг гўзаллик учун фойдали жиҳатлари
1. Ёғли терига қарши курашда ёрдам беради
Оқсилли токсинларни йўқотади. Ёғли терини даволаш учун 1 ош қошиқ қовоқ пюресини ¼ чой қошиқ олма сиркаси билан аралаштирилади. Паста нам терига суртилиб, қуриши учун 15-20 дақиқага қолдирилади (агар тери таъсирчан бўлса, у ҳолда 10 дақиқага). Дастлаб илиқ, кейин эса совуқ сув билан ювиб ташланади. Ана ундан кейин намлантирувчи крем суртсангиз бўлади.
2. Қаришга қарши эффектга эга
Қовоқни доимий равишда меъёрида истеъмол қилиш вақтдан илгари қаришнинг олдини олиш (ажинлар, қора доғлар)нинг самарали усули ҳисобланади. Антиоксидантлар ва С витамини бунда ёрдамга келади.
3. Ҳуснбузарларни даволашда ёрдам беради
Ҳуснбузарларнинг пайдо бўлиш сабаблари жуда кўп. Улардан энг асосийси – терининг эпидермис ҳужайралари, косметик воситалар сабабли ифлосланиши. Қовоқ таркибидаги антиоксидантлар организмнинг эркин радикаллари билан курашади. Шу йўл билан теридаги майда тешикчаларини яллиғланишдан асрайди. Бу эса терининг токсинлар ва бошқа тери чиқиндиларидан халос бўлишига ёрдам беради. Қовоқни истеъмол қилишнинг фойдасидан ташқари уни пюресини юзга маска сифатида суртиш ҳам мумкин.
4. Лаб учун фойдали
Қовоқ лаб учун табиий бальзам саналади.
5. Сочлар ўсишига ёрдам беради
Қовоқ – калий, цинк ва бошқа минералларга бой. Калий сочлар саломатлигини қўллаб қувватлаш, регенерацияни яхшилашда ёрдам беради. Цинк эса сочлар саломатлигини сақлашда муҳим ўрин тутади. Қовоқда қон айланишини яхшилаш орқали сочларнинг ўсишига ёрдам берувчи фолат, B витаминлари ҳам бор.
6. Сочларнинг вақтидан олдин оқаришининг олдини олади
Қовоқни доимий равишда истеъмол қилиш ёки бош териси учун маска сифатида қўллаш –сочларнинг оқаришидан ҳимоя қилади. Бу афзаллик қовоқ таркибидаги антиоксидантлар билан боғлиқ бўлиб, улар сочлар ҳамда бош терисини ташқи муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади.
7. Соч тўкилишининг олдини олади
Бу қовоқ таркибидаги тўйинтирувчи моддалар сочларимиз ва бош терисининг намланишини таъминлаб, қон айланишини яхшилаши ҳамда сочлар ўсишига ҳисса қўшиши билан боғлиқ. Бунга қўшимча тарзда қовоқ таркибидаги антиоксидантлар бош терисига эркин радикаллар сабаб зарар етишининг олдини олади. Шунинг учун соч тўкилиши муаммосини камайтиради.
Бу муҳим: қовоқдан косметик мақсадларда фойдаланишдан олдин унга аллергиянгиз йўқлигига ишонч ҳосил қилинг. Тушунганингиздек у озиқ кўринишида ҳам, турли маска, бальзам ва кондиционерлар кўринишида ҳам фойдали. Тери ва сочларингизнинг мустаҳкам соғлигини таъминлайдиган табиий маҳсулот.