Жамият | 17:00 / 29.11.2018
20560
7 дақиқада ўқилади

Давлат операторларига имтиёзлар, хусусийларига жарималар. Интернет муаммосини шундай ҳал этишмоқчими?

21 ноябрь куни UMS уяли алоқа оператори устав капиталидаги давлат улуши 100 фоиз «Рақамли ишонч» жамғармасига топширилиши ҳамда халқаро телекоммуникация тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқига эга бўлгани (унинг бошқа рақобатчиларида бундай ҳуқуқ йўқ) маълум қилинди. Spot.uz Beeline Uzbekistan бош директори Дмитрий Шуковнинг шу янгиликка муносабатини келтирди.

Дмитрий Шуков
Фото: Халқаро пресс-клуб

Рақамли экотизим давлат компанияларининг бошини силаш билан эмас, бозор ва кескин рақобат муҳитида пайдо бўлади.

Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг декабрида 2018 йилни Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилганида, биз - Beeline компаниясидагилар АКТ соҳасида технологик ва асосийси, бошқарувда силжиш бўлади, деган умидда эдик.

Ўшандаёқ 1999 йилда қабул қилинган «Телекоммуникациялар тўғисида»ги қонун бошқа норматив ҳужжатлар билан бирга эскиргани, давлат раҳбарининг ташаббуси эса қонунчилик базаси ва амалиётини зудлик билан ва тубдан яхшилаш учун тарихий имконият бўлиши барчага аён бўлганди.   

Афсуски, бугун, орадан бир йил ўтгач, афтидан, бу имконият бой берилди, дейиш мумкин.

Гап ҳаттоки тўртта мобиль алоқа операторидан иккитаси давлатга тегишли бўлган (UMS ва Uzmobile) ғаройиб бозор тузилмаси ҳақида ҳам эмас. Бу борада саволлар йўқ, зеро бу тасодифлар тўқнашуви натижасида юзага келган.

Аммо регуляторнинг йилдан-йилга давлат операторларига солиқ тўловчилар ва хусусий операторлар ҳисобидан имтиёз ва устунликлар бериши тушунмовчилик уйғотади.

Бутун дунёда давлат корхоналари, айниқса, сервис соҳасида, кўпинча паст самарали бўлиши ҳеч кимга сир эмас: улар тенг шароитларда озгина натижага эришиш учун кўп ресурс сарфлайди.

Саноқсиз имтиёзлардан фойдаланган Uzmobile ўтган тўрт йил ичида қандай натижага эришгани ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бир саволни бермасликнинг иложи йўқ: «Ғарб инвесторининг муваффақиятли бизнесига ҳам зарар етказиш шунчалик зарурми?»

Биргина ўтган йил давомида телекоммуникация ва антимонопол регуляторлар қўллаб-қувватлаши остида Beeline радиочастота спектрларининг катта қисми ва интерконнект ноллаштирилганидан тушган 100 млрд сўмдан ортиқ тушум рақобатчилар фойдасига олиб қўйилди.

Бу Beeline кўпроқ абонентларга хизмат кўрсатаётган ва частота ресурсларини самаралироқ утилизация қилаётган бир пайтда юз берди.

Ҳаттоки, Халқаро электр алоқаси иттифоқида ҳам тушунмовчилик уйғотган гўёки «ухлаётган узатгичлар» учун Давлат алоқа инспекцияси томонидан қўйилган кўп миллиардлик жарималар  ҳақида-ку эслашни ҳам истамайман.

Шуниси аниқки, бундай йирик миқдордаги жарималар давлат операторларига эмас, балки фақат хусусий операторларга солинган.

Шу билан бирга, бизга турли инстанциялар тармоқни ривожлантириш учун инвестицияларни оширишни тавсия қилиб келишади. Биз бунга эътироз билдирмаймиз, аксинча, соҳа ривожланишига янги туртки берадиган ечимларни таклиф қиламиз.

Ташқи интернет-каналларга чиқишни демонополизация қилиш ғоясини камида бир ярим йил мобайнида айнан Beeline илгари сурганди. Ва 2020 йилдан халқаро тармоқларга чиқиш ҳуқуқи барча иштирокчиларга берилиши ҳақидаги хабар бизда бу йўналишда олдинга силжиш бўлишига умид уйғотганди. 

Аммо UMS қатор имтиёзлар билан беғараз асосда «Рақамли ишонч» жамғармасига топширилиши юмшоқ қилиб айтганда, хавотир уйғотади (UMS 2021 йил 1 декабрга қадар муддатга телекоммуникация соҳасида фаолиятни амалга оширишга лицензия бериш учун давлат божи, радиочастоталар спектридан фойдаланиш учун тўлов, шунингдек, радиоэлектрон воситалардан фойдаланиш учун эксплуатация йиғими тўлашдан озод этилган.

Бу рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида қилингани айтилган. Аммо нима учундир бундан тўрт йил аввал Uzmobile’га тақдим этилган худди мана шу имтиёзлар кутилган натижа бермагани ҳақида айтилмайди. Нега илгари иш бермаган усул бу сафар самара беради деб тахмин қилинмоқда?

Миллий телекоммуникация тарихида фойдаланувчилар интернет тезлиги ва сифати борасида ҳали ҳеч қачон Инновацион ғоялар ва технологиялар йилида бўлганичалик норози бўлишмаганди, десам адашмаган бўламан. 

Бу — факт, бунга колл-марказимизга ҳар соатда келиб тушаётган мурожаатлар асосида ишонч ҳосил қилмоқдамиз: одамлар нима учун бутун дунёдагилар YouTube ва Facebook хизматларидан бемалол фойдаланишаётганида, Ўзбекистонда бунинг учун VPN ўрнатиш кераклигини тушунишмаяпти.

Ва UMS ва Uzmobile’га зудлик билан устунликлар тақдим этиш барчани қутқаришига бизни ишонтиришмоқчими? Хўш, фақат шундагина 2021 йилга келиб Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт шаклланиб қоладими? 

Афсус билан айтиши мумкин: шаклланмайди. Чунки рақамли экотизим давлат компанияларининг бошини силаш билан эмас, бозор ва кескин рақобат муҳитида пайдо бўлади.

Давлат корхоналари учун имтиёзлар хорижлик инвесторлар учун жуда ёмон бўғин ҳисобланади, бу имтиёзлар хусусий сектор ҳисобига берилиши эса халқаро капитални очиқчасига синдиради.

UMS’нинг радиочастота спектридан самарасиз фойдаланганлик учун тўловдан озод этилиши худди шу тўловнинг хусусий операторлар учун ошишига олиб  келиши мумкин – давлат бюджети зарар кўрмаслиги керак ахир.

Аммо парадокс шундаки, АКТ фақат бозор шароитидагина ривожланиши мумкинлиги англаб етилмагунича технологик ривожланиш йиллари бой берилгани учун айнан бюджет у ёки бу тарзда катта зарар кўради. АКТ соҳасининг ривожланишидан фойда кўрувчилар эса абонентлар ва иқтисодиёт ҳисобланади.

Давлат компанияларига имтиёзлар бериш ҳақидаги қарор бекор қилинади деган фикрдаманми? Йўқ.

Аммо биз Beeline’га ҳам халқаро телекоммуникациялар тармоғига тўғридан-тўғри чиқиш ҳуқуқи берилишидан умидвормиз. Имтиёзларсиз бўлса ҳам — бизга имтиёзнинг кераги йўқ, биз самарали ишлашга ўрганиб қолганмиз ва ҳеч қачон ҳеч қандай имтиёз олмаганмиз.

Аммо ташқи каналларга чиқишда тенг шароитларга эга бўлиш абонентларимизнинг - республиканинг Beeline’га ишонадиган  9,5 млн нафар фуқаролари ҳаёт сифатини яхшилашимиз учун зарур.

Мавзуга оид