Жамият | 10:20 / 05.12.2018
65441
9 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон ИИБда таҳқирланган аёл Оқдарёда судланмоқда — тафсилотлар

Жиноят ишлар бўйича Оқдарё туман судида судья Илёс Дониёров раислигида Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т. га нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Судья Илёс Дониёров

Н.Т. — Интернетда жуда машҳур бўлган аёл. У икки фарзанднинг онаси. Эри вафот этган. 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани хабари жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарган эди. Санъат Умаровнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, у суд ҳукми билан 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилган эди.

21 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида бўлиб ўтган суд мажлисида жабрланувчи сифатида қатнашган Н.Т.нинг ўзи энди судланмоқда.

У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127-моддаси 3-қисми (Вояга етмаган шахсни жиноят қилишга жалб этиш) ва 169-моддаси 3-қисмининг «а» банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан амалга оширилган ўғрилик) билан айбланмоқда.

Номи биринчи келтирилган модда бўйича у 5 йилдан 10 йилгача, иккинчиси билан 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Н.Т. қандай жиноятга қўл урган ўзи?

Бу — 1986 йилда Жиззах вилоятида таваллуд топган Н.Т. ўғриликда айбланиб, биринчи бор судланиши эмас.

2009 йилнинг 22 апрель куни ЖИБ Каттақўрғон шаҳар судининг ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши томонларнинг ярашгани муносабати билан тугатилган. (Бу вақтда Н.Т. иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган — таҳр.).

2015 йил 20 март куни ЖИБ Қўшработ туман суди ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 2 миллион 368 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

2017 йил 11 май куни ЖИБ Иштихон туман суди ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, ойлик иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда, 2 йил ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши жазоси тайинланган.

Лекин шунга қарамасдан, Н.Т. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттирган.

Оқдарёдаги воқеа

У 2018 йил 16 сентябрь (якшанба) куни соат эрталаб 10:00лар атрофида Оқдарё тумани маркази Лойиш шаҳарчасида жойлашган «Оқдарё деҳқон бозори» МЧЖ ҳудудидаги Мафтуна Актамовага тегишли озиқ-овқат савдо дўконига кириб, шу дўконда онаси Новвот Ҳасанова билан биргаликда ширинлик харид қилаётган Наргиза Ҳасанованинг ҳамёнидан Samsung Galaxy J2 смартфони ҳамда 400.000 сўм пулни билдирмасдан ўғирлаганликда гумонланмоқда. Она-бола дод-вой қилишади, лекин шу куни ўғри топилмайди. Улар эртаси куни ИИБга ариза ёзишади.

Жабрланувчи Наргиза Ҳасанова

Олдинга ўтиб айтиш керакки, гарчи дастлабки тергов давомида ҳам, суд мажлиси давомида ҳам Н.Т. бу ишни қилганини бўйнига олмаётган бўлса-да, бу ҳол М.Актамовага тегишли дўкондаги камераларга ёзилиб қолган. Кузатув камераси ёзувларида гарчи ҳамённи ўғирлаш жараёни аниқ акс этмаган бўлса-да, она ва қизнинг орасига айнан Н.Т. бош суққани кўриниб турибди. Яна бир муҳим далил борки, у ҳақда пастроқда.

Наргиза Ҳасанова ва онаси Н.Ҳасанова

Тергов маълумотига кўра, Н.Т. орадан икки ҳафта ўтгач, 2018 йилнинг 30 сентябрь (якшанба) куни яна Лойишдаги деҳқон бозорига келади. Бу сафар у ўзи билан 2009 йилда туғилган қизи Б.И.ни ҳам шерик қилиб олади.

У қизининг қўлига полиэтилен сумка бериб, 4–5 қадам ортда боришини тайинлайди. Дастлаб, Рустам Аллаевга тегишли савдо дўконининг олдидаги растада харидор Саодат Эгамбердиевага тегишли Samsung Galaxy J320F русумли смартфонни эгасига билдирмасдан ўғирлайди ва уни қизи Б.И.нинг қўлидаги сумкага солиб қўяди.

Кейинги «ўлжа» — шу бозорда бозор қилиб юрган Сожида Бўриева бўлади. С.Бўриеванинг сумкасидан аёллар ҳамёнини олади. Ҳамённинг ичида лаб бўёғи ва 35.700 сўм пул бўлади.

Сал ўтмай Камола Жалиловага тегишли парфюмерия маҳсулотлари савдо растасига яқинлашиб, ушбу растада савдо ишларига ёрдамлашаётган Мухлисахон Нарзуллаеванинг эгнидаги спорт кийими чўнтагидан Samsung Galaxy S5 телефонини яширинча олганидан сўнг М.Нарзуллаева ўғриликни сезиб қолади ва атрофдагилардан бақириб ёрдам сўрайди. Бозорда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари томонидан Н.Т. ва унинг вояга етмаган қизи Б.И. ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинади.

Ички ишлар органлари ходимлари холис гувоҳлар иштирокида ўтказган тинтув асносида Б.И.нинг қўлидаги сумкасидан иккита смартфонни топиб олишади. Н.Т.нинг сумкасидан эса С.Бўриевага тегишли лаб бўёғи чиқади. Н.Т.нинг сумкасидан фуқароларга тегишли буюмлар билан бирга яна бир муҳим ашёвий далил — флэш-карта чиқадики, бу унинг 16 сентябрь кунги жиноятга ҳам бевосита алоқадорлигини исботлайди. Флэш-карта 16 сентябрь куни телефони ва 400 минг сўм пулидан айрилган Наргиза Ҳасановага тегишли эди. Флэш-карта устига тирноқ лаки билан белги қўйилган, унинг ичидан Наргизанинг фотосуратлари чиқиб турибди.

Энг ҳайратланарлиси, она жиноят устида қўлга тушган 30 сентябрь куни унинг вояга етмаган ўғли Ш.М. ҳам Каттақўрғон шаҳрида ўғрилик устида ушланади. Оқдарёдаги ички ишлар бўлимидан қайтган она-бола тўғри Каттақўрғон шаҳридаги ички ишлар бўлимидан ўғлини олиб чиқишга боришади…

Суд мажлисида сўзлаган қиз

Ушбу жиноий иш бўйича дастлабки Оқдарёдаги суд мажлиси 26 ноябрь куни бўлиб ўтган. Гувоҳлар кўрсатмаси тингланган.

4 декабрь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида айрим гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг кўрсатувлари тингланди. Шунингдек, суд раиси Илёс Дониёров педагоглар воситасида Н.Т.нинг вояга етмаган қизи Б.И.га саволлар берди.

Қайд этиш жоизки, тергов жараёнида педагоглар воситасида сўралганда Б.И. 30 сентябрь кунги иккита ўғрилик ҳолати қай тарзда амалга оширилганини сўзлаб бериб, онаси билан илгари ҳеч қачон бозорларга бирга бормагани, онаси у ва акасига ўғрилик қилишни ўргатмагани, ака-сингил онасига ўғрилик ёмон одат эканини, бу ишни қайтармаслик кераклигини таъкидлашгани, она эса фарзандларига бу ишни бошқа қилмасликка, коллеж олдидаги буфетни ишлатишларини айтиб, сўз берганини таъкидлаган.

4 декабрь кунги суд мажлисида Б.И. ўша куни (30 сентябрда) онаси билан ўғрилик қилиш учун эмас, томорқаларида етиштирилган помидорни сотиш учун Лойишдаги бозорга келишганини сўзлаб берди.

Таъкидлаб ўтиш керакки, 30 сентябрь куни ўғирлатган телефонлари ва бошқа нарсаларини қайтариб олган ва етказилган моддий зарарлари қопланган жабрланувчилар — Саодат Эгамбердиева, Сожида Бўриева, Мухлисахон Нарзуллаева судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини билдиришган.

Суднинг аввалги мажлисида Н.Т. 30 сентябрь куни амалга оширилган ўғриликларига иқрор бўлиб, қилмишидан афсусда эканлигини сўзлаган. 4 декабрь кунги мажлисда ҳам буни яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Лекин, Н.Т. ҳамон Наргиза Ҳасановага тегишли Samsung Galaxy J2 смартфони ҳамда 400.000 сўм пулни ўғирлаганидан тонмоқда.

Суднинг гувоҳларни сўроқ қилиш учун навбатдаги мажлиси 11 декабрь кунида бўлиб ўтиши белгиланди. Очиқ суд тафсилотлари билан Kun.uz’да албатта таништириб борамиз.

Эслатиб ўтамиз, Санъат Умаров томонидан ўғриликда айбланиб, ечинтирилгани ва қўпол сўзлар билан таҳқирлангани шов-шув бўлгач, Н.Т.нинг уйига ундан шахсан хабар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика хотин-қизлар қўмитасининг раиси Т.Норбоева борган эди.

Кейинроқ, 21 ноябрь куни Санъат Умаров судида қатнашган Н.Т. журналистларга берган интервьюсида ўзига қўйилган айбларни кимлардир томонидан уюштирилган, деб баҳолаганди.

 

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид