Ўзбекистон | 08:18 / 08.12.2018
13136
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бош прокурори Қозоғистонда медал билан тақдирланди

Фото: Қозоғистон Бош прокуратураси матбуот хизмати

Қозоғистон Республикаси Бош прокуратурасининг таклифига биноан Отабек Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси делегацияси жорий йилнинг 5 декабрь куни Қозоғистонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Ташриф Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан ташкиллаштирилган «Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш» мавзусидаги юқори даражадаги конференция доирасида амалга оширилди.

Ташриф давомида Қозоғистон Республикаси Бош прокурори К.Кожамжаров билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат прокуратура органлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни самарали ва тезкор таъминлаш мақсадида маҳкумларни ўтказиш тўғрисида икки томонлама Шартнома тузиш ҳамда ёпиқ электрон алоқа каналини жорий этиш масалалари, шунингдек экстрадиция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни қайтариш масалалари муҳокама қилинди. Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қозоғистон Республикаси бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини яқинлашиб келаётган давлат байрами – Ўзбекистон Конституцияси куни билан табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Томонлар тузилган халқаро шартномалар доирасида назорат органлари ўртасида ўрнатилган икки томонлама муносабатларни ижобий баҳоладилар ва уларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Қозоғистон Республикаси прокуратура органларининг «Халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун» эсдалик медали билан тақдирланди.

Мавзуга оид