Жаҳон | 14:20 / 11.12.2018
12344
3 дақиқада ўқилади

Дуэль ўрнига суд. Золотов Навальнийдан миллион рубль ундирмоқчи

ALEXANDER RYUMIN/TASS/GETTY IMAGES

Росгвардия раҳбари Виктор Золотов «ор-номусини ҳимоя қилиш» учун мухолифатчи Алексей Навальнийни судга берди. У суд маънавий зарарни қоплаб бериш учун мухолифдан 1 миллион рубль ундириб беришини талаб қилмоқда.

ТАСС агентлиги Золотовнинг адвокати Шота Горгадзега асосланиб хабар қилишича, Москвадаги Люблино судига даъво билан мурожаат қилинган.

Золотов суддан Навальний томонидан тарқатилган маълумотларни ўз шаънини булғовчи ва ҳақиқатдан йироқ деб топишни сўрамоқда.

«Хусусан, гап кўчмас мулклар ва мансабни суиистеъмол қилганлик ҳақидаги маълумотлар ҳақида кетади», дея аниқлик киритган адвокат.

«Жуда кулгили. Кеча ФСБ бизнинг текширувларимиз натижаларини тасдиқлаган, Росгвардиянинг озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш бўйича шартномасини «коррупцион» деб топганди. Бугун эса Росгвардия раҳбари Золотов мени судга бермоқда. ФСБни ҳам судга бермайдими? Майли, мен ҳаммасини судда айтиб бераман», дея ёзган Навальний твиттерида.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди маълумотларида тилга олинган комбинат Росгвардияга озиқ-овқат етказиб бериш монополиясини қўлга олган. Бу комбинат ҳам бироз аввалроқ Навальнийни судга берганди.

Коррупцияга қарши кураш фонди Росгвардиядаги коррупция ҳолати бўйича материалларини август ойи охирида эълон қилганди.

Унда Росгвардия учун озиқ-овқат маҳсулотлари РФ бош вазири Дмитрий Медведевга яқин бўлган шахсга тегишли компания томонидан етказиб берилиши, тузилган шартномада кўрсатилган нархлар бозор нархидан бир неча баробар кўплиги баён этилган, Золотов коррупцияда айбланганди.

Навальний январдаги акция учун муддатни ўтаётганда, 11 сентябрь куни Росгвардия раҳбари Виктор Золотов мухолифатчига қаратилган видеомурожаатини эълон қилганди ва уни дуэльга чорлаганди.

Золотовнинг айтишича, Навальний нархлар ҳақида ҳеч нарса билмайди ва текширувида ҳақоратлар ҳамда туҳматларга йўл қўйган. У сиёсатчи яна бир шундай ишга қўл урса, унинг «оёқларини узиб олиши» ва «Росгвардия шахсий таркиби гувоҳлигида шоу уюштириш»га ваъда берганди.

Алексей Навальний октябрь ойида 50 кунлик ҳибсдан кейин озодликка чиқди ва Золотовни телевидениеда дебат қилишга чақирди. Золотов эса унинг таклифини қабул қилмади.

Мавзуга оид