Ўзбекистон | 09:56 / 13.12.2018
23672
2 дақиқада ўқилади

«Ватанпарвар» ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш;

спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш;

болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш;

ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига кўмаклашиш;

автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

шундай йўналишлар бўйича фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–3898-сон қарори билан тузилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий комиссиялари зиммасига:

“Ватанпарвар” МКТга юкланган вазифаларни амалга оширишда унга яқиндан кўмаклашиш;

ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашни ташкил этиш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш бўйича ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ўрганиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мажбурияти юкланди.

Мавзуга оид