Ўзбекистон | 19:13 / 15.12.2018
39939
2 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчининг маст ҳолда эканини аниқлаш учун текширувга нималар асос бўлиши белгиланди

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом 2018 йил 14 декабрь куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик телеграм-канали хабар бермоқда.

Низомга мувофиқ, ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари томонидан амалга оширилади.

Ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш бўйича текширув алкотестер (ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник восита) ёрдамида амалга оширилади.

Қуйидагилар ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда эканлигини аниқлаш учун текширув ўтказишга асос бўлади:

ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши;
ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши);
ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги;
ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши;
ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЙПХ ходими таъқиб қилиш ёки кузатиш вақтида нималарга амал қилиши лозимлиги белгиланганди.

Мавзуга оид