Ўзбекистон | 20:50 / 20.12.2018
13820
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «мажбурий» деган тушунча йўқолишига умид қиламан. Навбаҳор Имомова мажбурий обуна ҳақида

Фото: Fotolia

Amerika ovozi журналисти Навбаҳор Имомова Kun.uz мухбири билан ўтган суҳбатда мажбурий обуна масаласидаги қарашларини баён этди.

«Мен мажбурий обунага ҳамиша қарши бўлганман. Ҳозир ҳам қаршиман. Ҳеч ким ҳеч нимага мажбурланмаслиги керак. Бир кун келиб Ўзбекистонда «мажбуран», «мажбурий» деган бир тушунчанинг ўзи ҳам йўқолади, деб умид қиламан.

У йўқолмайди, албатта, у ҳар доим ҳаётимизнинг ажралмас бир қисми бўлиб қолади. Ниманидир қилишга доим мажбурсиз.

Мажбурий меҳнат, мажбурий обуна – бу инсон ҳуқуқларининг, фундаментал ҳуқуқларнинг поймол этилиши деб ҳисоблайман. Ҳеч кимни мажбурлаб ўқитиб бўлмайди.

Биламан, бугун Ўзбекистонда «Бизнинг маънавиятимизни сақлаб қолиш учун, бизнинг ўзбеклигимизни, кимлигимизни сақлаб қолиш учун мажбурлаб ўқиттириш керак», дейдиган журналистлар ҳам бор.

Шундай бўлсинки, одамни информацияга етакловчи нарса бу ҳар доим сифат эканлиги ёддан чиқмасин. Сифатли маълумот бўлса, одамларнинг ўзи уни излаб келади. Қоғозни ҳис қилиб, уни ҳидлаб ўқиш шарт эмас. Бунақа романтик ёндашувга чек қўйилиши керак. Мен ҳам китобни босма ҳолда ўқишни яхши кўраман. У танлов ҳам доим бўлсин.

Мана, The New York Times ҳам, The Guardian ҳам, бошқа катта-катта газеталар ҳам ҳалиям қоғозда чиқади. АҚШда, масалан, одамлар дам олиш кунлари мақола ёки хабарларни қоғозда ўқишга мойил. Кимдир бунга қарши курашиши, буткул йўқ қилишга ҳаракат қилиши ҳам шарт эмас, ўқувчилар ушбу нашрларга ўзи хоҳлаб обуна бўлади. Истаган газетангизни бир долларга сотиб олишингиз мумкин, улар ҳамон талашиб ўқилади.

Демоқчиманки, Ўзбекистонда шундай бўлмаяпти. Одамларни мажбурлаш керак, ўқитувчиларнинг, давлат корхоналарида ишловчиларнинг ойлигидан улар хоҳламаган тарзда обунага пул олиб қолиш зарур, дейиладиган замонлар ўтиши керак эди», дейди журналист.

Қуйидаги ҳаволалар орқали даврий нашрларга қандай қилиб мажбурий эмас, ихтиёрий обуна бўлиш мумкинлиги ҳақида  ёки «мажбурий обуна»нинг бўлмаслиги оқибатида обуна ҳисобидан яшаб келаётган таҳририятларнинг тақдири энди нима кечиши тўғрисида ўқишингиз мумкин.

Журналист Навбаҳор Имомова билан суҳбатни тўлиқ шаклда мана бу ерда томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид