Ўзбекистон | 22:53 / 23.12.2018
17174
4 дақиқада ўқилади

Абдусаид Кўчимов ЎзА ва Ўзбекистон24 қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов ЎзА агентлиги ва «Ўзбекистон24» телеканали қўшилиб, бир агентликка бирлаштирилиши ҳақида тарқалган миш-мишларга ўз муносабатини билдириб ўтди.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

«Биз бу миш-миш ҳақидаги хабарни турли сайтлардан ўқиб ҳайрон бўлдик. Шу баҳонада бир нарсани айтгим келади. Айтишим шарт. Биринчидан, норасмий ёки у расмий манба бўладими, давлат ёки нодавлат ташкилот бўладими, миш-мишнинг ортидан эргашган, миш-миш билан обрў топаман деган ташкилот ютқазади. Иккинчидан, норасмий манба томонидан аниқ тасдиқланмаган ахборотни тарқатиш - бу жиноят. Бундай манбаларнинг фаолияти ҳали қонунчилигимизда кўриб чиқилмаган.

Нима учун биз бир сифатсиз маҳсулот чиқарган одам билан ёки зарар етказган одамни қамаймиз, суд қиламиз? У битта одамга зарар етказган бўлади, лекин ёлғон, нотўғри информация бир неча юзлаб ёки минглаб инсонларнинг хаёлини бузиши мумкин. Бу жуда катта жиноят. Буни ҳис қилиш керак. Сўз - бу отилган ўқ. Уни қайтариб бўлмайди, у теккан жойига зарар етказмай қолмайди. Миш-миш информация ҳам худди шу тоифага яқин саналади. Қанча одамларга шовқин қилиб, уларни безовта қилиб. Ундан кўра мендан сўраганида айтардим. Ҳозирча менда бундай информация ҳам йўқ, таклиф ҳам йўқ. Бу биринчидан. Иккинчидан, давлат ишларини давлатнинг ўзи билади.

Бир маҳаллар ёшлигимизда биз ҳам турли идоралар ҳақида ҳали тасдиқланмаган, кўчадаги гапларни ҳазил-ҳузул қилиб гапириб юрган пайтларимизда раҳматли устозимиз Абдулла Орипов «Давлат, ҳукумат шундай бир ақлли ва кенг қамровли тафаккурли боғбонки, боғининг қаерига қандай дарахт экишни, қаерига қайси гулни ўтқазишни яхши билади. Сизлар бундай нарсаларга бошларингни қотириб, муҳокама қилиб, ўзларингни ўзларинг овора қилманглар», дердилар. Бу гапларнинг масалага тўғридан-тўғри алоқаси бор. Фалончи у ёққа ўтибди, писмадончи бунақа бўлар экан, мана бу бунга қўшилибди ёки ажралибди деган гаплар бу ишсизликдан, бекорчиликдан ёки кимнингдир топшириғи билан қайсидир одамнинг манфаатини кўзлаб ёки кимнингдир обрўсини тўкмоқчи, кимгадир сунъий обрў келтириш нияти билан қилинган провокация бўлиши мумкин. Шу хабар чиққач, кўплаб қўнғироқлар бўлди. Ноқулай сездик ўзимизни. Бу одамни хижолатга қўядиган ҳолат.

Шундай номақбул ишлар билан шуғулланадиган, ўзига сохта обрў йиғадиган, кейинчалик ҳам шу йўналишда ишлаш ниятидагилар у йўлдан қайтиши керак. Бусиз ҳам меҳнат қилса, ўз устида ишласа, ёзса, обрў орттирадиган майдон жуда катта. Ҳақиқат, тўғрисўзлик билан ундан ўн чандон кўпроқ ва мустаҳкам обрў топиш мумкин.

Кўп жойларда жамоатчиликни безовта қиладиган миш-миш хабарлар учраб туради. Одамлар ҳамиша миш-мишларга жуда қизиқади. Бу қизиқиш даражаси қай миллатда қанчалиги ҳақида бирор нима дея олмайман. Худойим миш-мишга қизиқишни бандаларига тарқатаётганида ўзбекларга ҳаммадан кўпроқ берган бўлса керак. Кап-катта одамлар, масъул жойларда ўтирганлар ҳам, ҳатто ўзи кўп нарсани билиб тургани ҳолида ҳам миш-мишнинг орқасидан эргашади. Ундан қандайдир баҳра олади. Ҳатто муносабат билдиргиси келади», дейди у.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари Абдусаид Кўчимов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz'нинг YouTube ва Mover'даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид