Ўзбекистон | 13:46 / 25.12.2018
17571
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон аҳолиси асосан қайси турдаги иш билан бандлиги маълум қилинди

Вилоят ва туман марказларида яшайдиган аҳоли асосан - давлат ташкилотлари ва муассасаларида, ижтимоий соҳаларда, саноат ва қурилиш тармоқларида, савдо, умумий овқатланиш, тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларида ва ташки меҳнат миграциясида бандлиги маълум бўлди. Табиийки, қишлоқ аҳоли пунктларида жойлашган аҳолининг асосий қисми қишлоқ хўжалигида, яъни деҳқончилик, чорвачалик, паррандачилик, балиқчилик ва ўзининг шахсий томорқасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш билан банд. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ўтказган тадқиқот ёзилган. 

Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ўтказилган социологик тадқиқотда ёзилишича, жойларда кичик бизнес, оилавий тадбиркорликда ва қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг фаоллиги муайян ўсиши рўй бермоқда. 

Давлат  статистика  қўмитасининг  маълумотига  кўра  2018  йил  1  октябрь ҳолатига  республикада аҳолининг ўртача сони 32 870,9 минг кишини ташкил этади.  Шунингдек,  жорий  йилнинг  январь-сентябрь  ҳолатига  кўра  меҳнат ресурслари 18 814,1 минг кишини ташкил этган ҳолда улардан 18 697,2 минг киши  меҳнатга  лаёқатли  ёшдаги  меҳнатга  лаёқатли  аҳолини  ва  116,9  минг киши  пенсия  ёшидаги  ва  меҳнатга лаёқатли  ёшдан  кичик  бўлган иқтисодиётдаги  банд  кишиларни  ташкил  этган.  Шундан,  иқтисодий  фаол аҳоли  78,1%  ташкил  этган  бўлса, иқтисодий  нофаол  аҳоли  21,9%  тўғри келган.  

Маълумотларга  кўра  жами  бандларнинг  2/5  қисми  расмий  секторда шаклланган бўлиб, январь-июнь ҳолатига нисбатан 66,0 минг кишига ортиши кузатилди. Бу асосан статистик маълумотлар базасига асосланган иқтисодиёт тармоқларидаги  (юридик  шахслардаги)  бандларнинг  ортиши  орқали кузатилди. 

Норасмий  фаолият  орқали  бандликни  таъминловчилар  сони  эса  кам миқдорда  ортгани  билан  норасмий  секторнинг таркибий  индикаторларида  январь-июнь  ҳолатига нисбатан  кескин  ўзгаришларни  кузатиш  мумкин. 

Ўрганиш натижаларига кўра энг кўзга ташланадиган фарқ  бу  мавсумий  ишларда  бандларнинг  ортиши билан боғлиқдир. Август-сентябрь ойларида қишлоқ хўжалигида бажариладиган  ишларнинг кўпайиши ва даромад олиш учун яхши имконият бўлганлиги сабабли кўпчилик фуқаролар мавсумий қишлоқ хўжалик ишларида банд бўлганликларини эътироф этишди.  Январь-июнь ҳолатига кўра жами ўсиш 200,4 минг кишини ташкил этган ҳолда 122,8% кўрсаткични ташкил этган.  

Шунингдек, бир марталик ишларни бажарувчилар, деҳқон хўжаликларида бандлар,  ташқи  мигрантлар  ва  ишга  жойлаштиришга  муҳтож  фуқаролар январь-июнь кўрсаткичларига қараганда анча камайган. Бунинг асосий сабаби мавсумий  қишлоқ  хўжалик  ишларида  даромад  олиш  имкониятини  юқори бўлиши ва фуқароларни шу ишларда банд бўлиш билан боғлиқ.

Мавзуга оид